Бепул маслаҳатлар берилмоқда

«Юксалиш» ҳаракати, Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамкорликда беш йилдан буён республика миқёсида «Ҳуқуқий маслаҳатлар куни» бепул акциясини ўтказиб келмоқда. Ушбу акция доирасида нотариуслар томонидан аҳолига бепул маслаҳатлар берилиши анъанага айланган.
Бундай тадбир бу йил ҳам 26-27 март кунлари республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидаги нотариусларда ўтказилиши белгиланган.
Жорий йил 26 март куни Нукус шаҳри Пушкин кўчаси 45-уйдаги нотариуслар биносида «Юксалиш» ҳаракати, Ўзбекистон Нотариал палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида навбатдаги бепул ҳуқуқий акцияси ташкил этилди.
Акцияни ўтказишдан мақсад – фуқароларнинг ҳуқуқий билими, маданиятини ошириш, аҳоли билан ўзаро мулоқот механизмларини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган фикр-мулоҳазаларни тайёрлашдан иборат.
Акция давомида нотариуслар томонидан фуқароларга нотариал ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Хусусан, нотариуслар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар, Нотариал идораларда нотариал иш юритиш қоидалари ҳамда «E-notarius.uz» ахборот портали ҳақида кенг тушунчалар берилди.
Акция доирасида фуқароларга оила ҳуқуқи, мулк ва номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳақида, шунингдек, мерос, никоҳ, ҳадъя, ижара, мулк олди-сотди шартномалари, мерос васиятномалари ва бошқа турли муаммоли масалалар бўйича тушунтиришлар берилиб, бепул юридик ёрдамлар кўрсатилди.
– Мен Қозоғистонда яшаётган эдим. Нукус шаҳридаги уйимни сотаётган эдим. Уни сотиб оладиган одам банкдан кредит чиқариб, пул ўтказиш йўли билан тўламоқчи. Шунинг учун, уйни ўзимнинг синглим номига ўтказиб, у орқали сотаман деб ўйлаяпман. Нотариусга келганимизда қандай ҳужжатлар кераклиги, олди-сотди шартномасини расмийлаштириш тартиблари бўйича тушунчаларга эга бўлдик. Бизнинг ташрифимиз бепул акцияга тўғри келганидан хурсандмиз, ишимиз тез битди, тегишли маслаҳатлар олдик,-дейди фуқаролардан бири Г.Шаназарова.
Тадбир давомида фуқаролар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.



Бу борадаги тадбирлар жойларда давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
(М.Ҳабибуллаев олган суратлар)