Озарбайжон – Ўзбекистон ҳамкорлиги: стратегик тараққиёт йўли

294

– 2020-2025 йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон муносабатлари ижобий стратегик ривожланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. 2017 йилдан буён мамлакатимиз иқтисодиётини очиқ, бозор механизмига йўналтириш борасидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланди.

– Муносабатлар ривожи ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўсиши, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати каби соҳалардаги ҳамкорлик кенгайишида акс этди,  дейди бу ҳақда Ўзбекистондаги Озарбайжон миллий маданий марказ раиси Мобил Мамедов. – 2021 йил июнь ойида мамлакатларимиз ўртасида сиёсий алмашинувни кучайтириш ва  минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган стратегик шериклик тўғрисида келишув имзоланган. Мазкур ҳужжатда транспорт-инфратузилма лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши лойиҳаси шулар жумласидан бўлиб, у Озарбайжон портлари ва темир йўл тармоғидан  фойдаланишни фаоллаштириш имконини берди.

Маданий-гуманитар алоқалар ҳам ривожланмоқда. Талабалар алмашинуви йўлга қўйилган, таълим дастурлари амалга ошириляпти. Бу халқларимиз янада жипслашувига ҳисса қўшади.

Фузулий шаҳрида мактаб қурилиши икки эл азалий дўстлигининг ўзига хос рамзидир. Ўзбекистоннинг бу ташаббуси ҳарбий можародан кейин минтақани қайта тиклашни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий аҳоли таълим имкониятини яхшилашга қаратилган. Ҳамкорлигимиз келгусида янада мустаҳкамланиши шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги барча соҳаларни қамраб олган стратегик ва кўп қиррали ҳамкорлик тобора чуқурлашиб, икки томонлама муносабатни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлмоқда.

Азиза Алимова ёзиб олди. ЎзА