Янги очилган терминал йилига 120 минг тонна юк ташиш қувватига эга

Мамлакатимизда аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ҳар йили ошириб бориш, ҳудудлардаги аэропортларда кетринг ва бошқа хизматларни йўлга қўйиш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Uzbekistan airports” акциядорлик жамияти самарадорлигини кегайтириш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Тошкент аэропортида янги юк терминали фойдаланишга топширилиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, йилига 120 минг тонна юк ташиш қувватига эга янги юк комплекси 5,2 гектар майдонда жойлашган бўлиб, уч қаватли маъмурий бино, турли товарларни сақлашга мўлжалланган омборхона, шунингдек, енгил ва юк машиналари учун тўхташ жойини ўз ичига олади.
Омборхона 8 минг 500 кв/м майдонни эгаллайди ва унинг ичида маълум бир ҳарорат режимини сақлашни талаб қиладиган товарлар учун 500 кв/м майдондаги совутиш ва музлатиш камералари бор. Хусусан, омборхонада ўсимлик ва тирик ҳайвонлар, қимматбаҳо юклар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонларни сақлаш учун махсус хоналар қурилган. Барча махсус хоналар ҳарорат ўлчагичлари билан жиҳозланган.
1994-2000 йилларда қурилган эски юк терминали умумий майдони 3 гектарча келадиган 20 га яқин эскирган кичик ва ўрта омбор ҳамда маъмурий бинолардан ташкил топган эди. Юк терминалининг ўтказиш қуввати аслида йилига 30 минг тоннани ташкил этади. Ваҳоланки, ўтган 2024 йилда Тошкент аэропорти салкам 80 минг тонна юк ва почта жўнатмаларини қабул қилган. Маъмурият ва ижарачилар жойлашган бино ва иншоотлар ҳам эскирган. Буларнинг барчаси юк ташиш комплексини кенгайтириш ва модернизация қилиш заруратини талаб этган. Эски терминалдан янги терминалга босқичма-босқич ўтилади.
Шунингдек, омборхона фаолияти учун жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан замонавий ускуналар, хусусан, юк сақлаш стелажлари, юк кўтариш ва ташиш, қадоқлаш ускуналари ҳамда ҳисоб-китоб, автоматлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш ускуналари харид қилинди. Бу юкларни қайта ишлаш вақтини қисқартиради ва авиаташувчиларга умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.
Бундан ташқари, UzCargo ходимлари, тегишли хизматлар (божхона, ветеринария, ўсимликлар карантини ва бошқалар), импорт ва экспорт компаниялари вакиллари, авиакомпаниялар ва декларантлар, шунингдек, юк қабул қилувчилар учун 3000 кв/м майдонга эга уч қаватли янги маъмурий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА,
ЎзА мухбири