Моддий ва маънавий зарарни ундириш

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашда барча ҳуқуқ соҳалари қатори фуқаролик ҳуқуқининг ҳам муҳим ўрни бор.
Хусусан, қонунимиз ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқарога етказилган маънавий зарар ўрнига пул шаклида компенсация институти ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим фуқаролик-ҳуқуқий воситаси ҳисобланади.
Маънавий зарарни қоплашга оид нормалар фуқаролик қонунчилигига мамлакатимиз мустақиллиги қўлга киритилганидан сўнг киритилган бўлиб, унгача қонун маънавий зарарни ундиришни назарда тутмаган. Буни эса оддий бир ҳолат билан, яъни фуқаронинг шахси шу даражада «юқори» ҳисобланади, чунки бу шахсга етказилган маънавий зарарни пул билан баҳолаш умуман мумкин эмаслиги билан асослашга ҳаракат қилиб келинган. Бугунги кунда мафкура, сиёсат, ҳуқуқ кабиларга бўлган қарашлар балки устқурма («надстройка») сифатида уларнинг туб мазмуни тубдан ўзгариб бориши натижасида бу соҳада моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини янада такомиллаштириш мақсадида ривожланган мамлакатлар қонунчилиги ўрганилиб, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари ва принциплари миллий қонунчилигимизга сингдирилиб, амалдаги қонун ҳужжатларида етказилган руҳий ва жисмоний азоблар учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик белгиланди.
Бироқ, айрим фуқароларнинг ҳуқуқий билим салоҳияти етарли бўлмаганлиги сабабли, улар ушбу имкониятлардан фойдалана олмаяпти, бу эса, ўз-ўзидан маълумки, моддий ва маънавий зарар билан боғлиқ бўлган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқаради. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, «қонунга хилоф ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, хусусан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўла ҳажмда қопланиши лозим» деб кўрсатилган.
Айниқса, маънавий зарар миқдорини аниқлаш суд амалиётида учраб турадиган баҳсли масалалардан бири ҳисобланади, чунки уни аниқлашда мавжуд нормаларни қўллаш амалиёти турличадир. Бу жараёнга таъсир этувчи омиллар ҳақида гапирганда, бир томондан, бундаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмаган, иккинчи томондан тегишли Олий суд Пленуми қарори қуйи судларга тўлиқ тушунтириш бермаган. Шу сабабли ҳам руҳий зиённи ундириш билан боғлиқ хусусий амалиёт шаклланмаган.
Ҳар бир фуқаронинг руҳий ва жисмоний азобга чидамлилик даражаси ҳам турлича бўлиши мумкинлигига эътибор қаратилиши лозим бўлади.
Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ, ўз шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли. Ушбу моддадаги фуқаронинг шаънини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоида юридик шахснинг ишчанлик шаънини ҳимоя қилишга ҳам тегишли равишда татбиқ этилиши белгиланган. Ўз навбатида, Фуқаролик кодексининг 1022-моддасида маънавий зарарни қоплаш усули ва миқдори назарда тутилган бўлиб, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва руҳий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айби компенсация тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланиши назарда тутилган. Хулоса қилиб айтганда, судлар томонидан маънавий зарарларни ундиришга оид ишларни кўришда хусусий амалиётга таянилмаяпти. Бунга юқоридаги омиллар ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Фикримизча, буларни бартараф этиш мақсадида қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, хусусан, «маънавий зарар» тушунчасининг аниқ таърифини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, юридик шахслар томонидан маънавий зарарни қоплаш билан боғлиқ қоидаларни қонун ҳужжатларидан чиқариб ташлаш, маънавий зарарни қоплаш усуллари бўйича қонун ҳужжатларидаги зиддиятларни бартараф этиш, маънавий зарар (пул миқдори ёки бошқа мол-мулк) ва номоддий (омма олдида шахсий кечирим сўраш) усуллар билан ҳам қопланишини назарда
тутиш, маънавий зарарни суд тартибидан ташқари, ўзаро келишув асосида ҳам қоплаш механизмини ишлаб чиқиш, жиноят процессуал кодексини фуқаролик даъвогари сифатида жиноят оқибатида маънавий зарар кўрган жисмоний шахсларни ҳам тан олишга қаратилган ўзгартиришлар киритиш, судлар учун тавсия хусусиятига эга бўлган маънавий зарарни қоплашда миқдорини аниқлаш бўйича методологияни ишлаб чиқиш лозим.
Н.Тоиров, Фуқаролик ишлари бўйича
Беруний туманлараро судининг судьяси
Қорақалоғистон ахборот агентлиги