Байрам тадбирлари шундай тинч юртга ярашади

255

Шуманай туманида ҳам Наврўз байрамига бағишланган тадбирлар «Қадриятларинг абадий бўлсин!» шиори остида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Байрам руҳини ҳис этиш мумкин бўлган турли тадбирлар, кўнгилочар дастурлар, санъат усталарининг чиқишлари туман аҳлини байрам қувончига тўлдирмоқда.

Тадбирда туман ҳокими А.Аметов туманнинг ижтимоий-иқтисодий ютуқлари, Президентимиз ташаббуси билан туманда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, иштирокчиларни байрам билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.

– Туман аҳолиси Наврўз байрамини ўзининг миллий анъана ва қадриятларини тиклаш, уларни келажак авлодларга етказиш имконияти сифатида қабул қилмоқда, – деб хабар бермоқда туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Байрам тадбирлари давомида туманнинг барча жойларида миллий таомлар тайёрланиб, ҳунармандчилик буюмлари ва қўл меҳнати ҳунармандчилиги кўргазмалари ташкил этилди.

Байрамда қўчқор уруши ва от пойгаси мусобақалари ўтказилди. Бунда республиканинг турли туманларидан қўчқорбозлар қатнашиб ўзаро куч синашди. Кучли калла қўйган қўчқорлар ва ким ўзарга кетган отлар бир-бирини қувиб ўтиб, халққа ажойиб томоша берди.






Ғолиблар туман ҳокимлиги томонидан тақдирланиб борилди.

Албатта, бундай тантанали халқ сайли, хуш кайфият, ажойиб байрам тадбирлари шундай тинч юртга ярашади. Байрам тадбирлари барча жойларда кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги