Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлади

Битимнинг асосий мақсади инвестиция фаолияти орқали унга қўшилган иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ўсишига ва улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашишдир.

– Мазкур ҳужжатга кўра, ушбу банк ўз фаолиятини халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқ, умумэътироф этилган банк фаолияти тамойиллари ва меъёрларига мувофиқ амалга ошириши, шунингдек, Банк низоми ушбу Битимга илова қилинган ҳолда тасдиқланиши назарда тутилган, – деди Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов. – Шунингдек, Банк низомида Евроосиё тараққиёт банки фаолияти, мақсад ва вазифалари, функциялари, имтиёзлари, устав капитали ва унга обуна бўлиш шартлари ҳамда Банк бошқарувига оид тартиб-қоидалар белгиланган.
Бундан ташқари, Евроосиё тараққиёт банкига иштирокчи давлатларнинг иқтисодиёти ва молиявий бозорлари ҳолати, уларнинг инвестиция имкониятлари, пул-кредит ва валюта муносабатлари, банк ва валютани тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик нормалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаши, тизимлаштириши ва таҳлил қилиши белгиланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлиши учун ҳуқуқий асос яратади.
Банк фаолияти доирасида тўлиқ ва самарали иштирок этиш ҳуқуқи таъминланади. Шунингдек, Банкка аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евроосиё ҳудудида интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА