Ўзбекистон делегацияси Брюсселда бўлиб ўтаётган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги – 2025”да иштирок этмоқда

Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқининг Иқтисодий ва ижтимоий қўмитаси томонидан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги – 2025” халқаро тадбири ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли ҳафталикда Ўзбекистон фуқаролик жамияти делегацияси, жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари иштирок этмоқда.
Халқаро тадбир инклюзивлик, демократик иштирок ва ҳамкорликни ривожлантириш каби долзарб масалаларга бағишланиб, глобал миқёсда фуқаролик жамиятининг ўрни ва роли, инновацион ёндашувлар ҳамда илғор тажрибаларни муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланмоқда.

Тадбир доирасида Европанинг барча мамлакатларидан етакчи фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Европа Иттифоқининг тегишли идоралари ва аъзо давлатлар ҳукумат вакиллари, тадқиқотчилар, оммавий ахборот воситалари ҳамда халқаро ташкилотлар мутахассислари иштирок этмоқда. Улар жамиятнинг турли қатламларини жалб этган ҳолда, фуқаролик жамиятининг ривожланиши, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини ошириш йўналишларида тажриба алмашмоқда, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.
Мазкур халқаро тадбирга Ўзбекистон фуқаролик жамияти делегацияси ҳам таклиф этилган бўлиб, иштирокчилар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Жумладан, делегация Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, фуқаролик жамиятининг мустаҳкамланиши ва инклюзив жамият барпо этиш йўналишидаги ютуқлар, шунингдек, мавжуд муаммолар ва келгусидаги устувор вазифалар ҳақида халқаро ҳамжамият билан фикр алмашмоқда.
Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси хорижий экспертлар билан тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, фуқаролик жамиятининг ролини оширишга қаратилган инновацион ташаббусларни илгари суриш имкониятига эга бўлмоқда.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА