ЖИМТ Бош директори Ўзбекистонга келади
243
Мамлакатимизнинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлар бўйича доимий вакили Элдиёр Тошматов Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ) Ўтиш даври ва ривожланган мамлакатлар бўлими бошлиғи Ҳабиб Асан билан учрашув ўтказди. Музокора давомида тузилма Бош директори Дарен Тангнинг жорий йил 27-28 май кунлари Ўзбекистонга уюштириладиган ташрифи билан боғлиқ тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди.
Мазкур нуфузли ташкилот раҳбари Марказий Осиёга илк бор келяпти. Таъкидланганидек, 180 дан ортиқ давлатни бирлаштирувчи ЖИМТ интеллектуал мулк ҳимоясини мувофиқлаштириш, соҳада халқаро келишувни маъмурий жиҳатдан бошқаришда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон 1991 йилдан аъзоси ҳисобланадиган ЖИМТнинг 20 га яқин халқаро ҳужжатини ратификация қилган.
Ҳабиб Асан юртимиздаги ислоҳотлар БМТ томонидан эътироф этилаётганини қайд этиб, республикамизнинг интеллектуал мулкни ривожлантириш, иқтисодиётга инновация жорий этиш, ҳудудий брендлар яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолади.
Дарен Тангнинг Ўзбекистонга келиши ЖИМТ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиши кутиляпти.
Азиза Алимова, ЎзА