Суд тизимида ҳалоллик қарор топиб, ишларнинг ўз вақтида кўрилиши таъминланади

243

Давлатимиз раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида қайд этилган шу каби фикрлар бўйича Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов муносабат билдирди:

– Президентимизнинг суд тизимига оид қатъий талаб ва таклифлари соҳага бўлган эътибор бўлиши билан бир қаторда одил судловни сўзсиз таъминлашга қаратилган вазифа ҳамдир.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, куни кеча Олий суд раиси республиканинг барча судлари судьялари ва суд аппарати ходимларига мурожаатнома йўллаб, унда суд тизимини ҳалол, пок кадрлар билан тўлдириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, шунингдек, суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш зарурлиги қайд этилди.

Суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида соҳани рақамлаштириш, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга эришиб келинаётгани таъкидлаб ўтилди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш орқали судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, суд ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ишлари такомиллаштирилгани айтилди.

Президентимизнинг маърузаси ва Олий суд раисининг мурожаатномасига жавобан судьялар “Одил судлов – жамият фаровонлигининг пойдевори” ғояси асосида бирлашмоқда.

Келгусидаги фаолиятимизда суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва бундай ҳолатларга муросасиз муносабат тўлиқ шаклланади.

Суд тизимида ҳалоллик ва поклик қарор топиб, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилиши таъминланади. Фуқароларни ортиқча овора қилмасдан, сансалорликка йўл қўймасдан судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлашга эришилади.

Қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилган ҳолда суд тизими обрўсини янада ошириш, халқчил ва адолатли суд тизимини яратишда бор куч-ғайратимиз билан меҳнат қиламиз.

Н.Абдураимова, ЎзА