Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Ўзбекистон Республикаси ва Франция тараққиёт агентлиги (AFD) ўртасидаги 6-йиллик маслаҳатлашувда иштирок этди. Тадбирда “Proparco” ва “Expertise France” вакиллари, етакчи экспертлар ва тадбиркорлар ҳам қатнашди.
Суҳбат чоғида биргаликда эришилган ютуқлар ва иқтисодий ривожланишнинг янги имкониятлари муҳокама қилиниб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмавий лойиҳалар амалга ошириш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик натижаси сарҳисоб қилинди. AFD юртимизда аҳоли турмуш даражасини ошириш, экологик ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшаётгани эътироф этилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо ва сармоявий алоқа мустаҳкамлангани таъкидланди. Масалан, 2024 йил товар айирбошлаш қиймати 6,4 миллиард долларни ташкил этиб, аввалги мавсумга нисбатан 5,2 фоиз ўсган. Мамлакатимиз 6200 турдаги маҳсулотимиз кўҳна қитъа бозорига чиқариш имконини берувчи GSP+ дастури доирасидаги мақомидан самарали фойдалангани муваффақият омилларидан биридир. Бугунги кунда товарларимиз ЕИ бозорига кириб, экспортни диверсификация қилиш, ишлаб чиқарувчиларимизнинг хориждаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайт республикамизда жами 30 миллиард евродан зиёд сармоявий лойиҳа амалга ошираётган мингдан ортиқ Европа компанияси фаолият юритмоқда. Бу жараёнда Франция тажрибаси саноат стратегияси ишлаб чиқиш, минтақавий ривожланиш дастурлари ва хусусий секторни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодий ўсишнинг қўшимча драйверига айланиши мумкин.
Шу билан бирга томонлар ҳудудлараро муносабатни чуқурлаштириш, қўшимча молиявий ресурслар жалб қилиш, ўта муҳим хом ашё соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантирадиган қатор муҳим йўналишларини белгилаб олдилар.
Мазкур соҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда фойдали қазилмалар қазиб олиш соҳасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан бирга ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу қадам халқаро стандартга мос келади ва мамлакатимиз тоғ-кон саноатига сармоя жалб этиш учун қўшимча шарт-шароит яратади.
Тадбир сўнгида иштирокчилар Ўзбекистон билан Франция тараққиёт агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик янада чуқурлашиши, инвестиция, инновация ва барқарор иқтисодий ўсиш таъминланаётган етакчи марказга айланиш йўлида дадил одимлаётган диёримизда Европа компаниялари учун янги имкониятлар очилишига ишонч билдирди.
М.Пирматова, ЎзА