Янгиланишлар моҳияти етук мутахассисларни тайёрлашда

364

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг матбуот хизмати томонидан республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун институтдаги ўқув лабораторияларига ва хоналарига медиа-тур ташкиллаштирилди.

Институтта айни пайтда 10 та факультет, 2 та бўлим, 32 та кафедра мавжуд бўлиб, жами 26 та бакалавр таълим йўналиши ва 19 та магистратура мутахассислигида 17 мингдан зиёд ёшлар таҳсил олмоқда.

Бугунги кунда педагогика институтида 600 га яқин тажрибали профессор-ўқитувчилар талабаларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Улардан 233 нафар ўқитувчи илмий даражага эга бўлиб, 2024 йилда 7 нафар фан доктори (DSc), 30 нафар фалсафа доктори (PhD) диссертация иши ҳимоя қилинди. Ҳозирда институтнинг илмий салоҳияти 40 фоизни ташкил этади.

Институтда талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларини ошириш орқали малакали кадрлар бўлиб етишиши учун барча шароитлар яратилган.

Тадбир иштирокчилари дастлаб институтнинг Технологик таълим кафедраси ўқув-устахонасига олиб борилди. Бу ўқув-устахонаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрьдаги «Ислом тараққиёт банки иштирокида «Олий таълим муассасаларининг техник базасини мустаҳкамлаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида жами 70 минг АҚШ долларига яқин маблағ ҳисобидан замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Ушбў ўқув-устахонасининг ошпазлик, темир ва ёғочга ишлов бериш, тикувчилик каби хоналарида талабалар назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамламоқда. Бу ерда ўқув ва амалиёт дарсларидан ташқари, талабалар учун тўгарак ишлари ҳам олиб борилади. 100 дан ортиқ талабалар ушбу тўгаракларда бўш вақтларини самарали ўтказмоқда. Айни пайтда устахонада робототехника бўйича амалиёт хонасини ташкил этиш ишлари кўриб чиқилмоқда.

Табиий фанлар факультети биология таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун ташкил этилган ўқув лабораторияси медиа-турнинг иккинчи манзили бўлди.

Бу ерда талабалар, магистрантлар, докторантлар ва профессор-ўқитувчиларнинг лаборатория ишларини олиб бориши учун Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 592 миллион сўм, шунингдек, 27 минг АҚШ доллари миқдоридаги энг сўнгги замонавий лаборатория техникалари ва асбоб-ускуналари келтирилди.

– Мен институтнинг биология таълим йўналиши 4-курсида таҳсил олмоқдаман. Бугун лабораторияда балиқларнинг турлари, ўларнинг тузилиши бўйича амалий машғулот ўтилмоқда. Лаборатория барча зарур замонавий ускуналар билан таъминлангани, шу каби амалий машғулотларни ўтканимизда катта файдасини бермоқда. Айни пайтда мен дуккакли экинлар бўйича илмий иш билан шуғулланмоқдаман. Амалиётда ва илмий ишимда лабораториядаги имкониятлардан ҳам кенг фойдаланмоқдаман,-деди Қумар Масуатдинова.

Медиа-тур иштирокчилари институтнинг 90 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган янги ўқув биносида ҳам бўлиб, бу ерда Физика-математика факультетининг механика, молекуляр физика, оптика, электромагнетизм, атом ва элементар зарралар физикаси, физика ўқитиш методикаси дарсларига мўлжалланган лаборатория хоналари билан танишди.

Факультетдаги лаборатория хоналари 2019 йилда Германия Федератив Республикасининг «LD Didactic GmbH» компанияси томонидан олиб келинган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, профессор-ўқитувчилар лаборатория машғулотларини белгиланган график асосида ўтиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда. Айни пайтда факультетда атом ва элементар зарралар физикаси, астрономия ва астрофизика фанларидан лаборатория ишлари учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналарни олиб келиб ўрнатиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари институтнинг IT-инкубация маркази фаолияти билан танишди. Ушбу марказ талабалар учун юқори технологик стартап лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун платформа бўлиб, талабалар учун турли консультациялар, мусобақалар, хакатон ва семинарлар ташкил этилади. IT-инкубация маркази ёшларга бирламчи экотизим ҳақида асосий ва фундаментал билимларни бериш билан бирга, уларга ўзларини ахборот технологиялари соҳасида тадбиркор сифатида намоён этишга кўмаклашади.

Медиа-тур давомида журналистлар ва жамоатчилик фаолларига ўқув лабораториялари билан биргаликда илмий лабораторияларнинг ишларини йўлга қўйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбир давомида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги