Покистон делегацияси вакиллари Ўзбекистоннинг инновацион салоҳияти билан танишди

Покистон Ислом Республикаси делегацияси вакиллари Тошкент шаҳридаги Технопаркка ташриф буюрди.
Ушбу замонавий инновацион мажмуа давлатимиз раҳбари ташаббуси билан саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида барпо этилган.
Бугунги кунда бу ерда 465 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар эвазига 18 та ишлаб чиқариш майдони жойлашган.
Покистон Ислом Республикаси делегацияси вакилларига Технопарк корхоналарида ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги юқори технологик электротехника маҳсулотлари, шу жумладан, лифт ва эскалаторлар, саноат совитиш тизимлари, энергия тежамкор иситиш сув қозонлари ва индивидуал иссиқлик насослари, ақлли электрон ҳисоблагич ва газ тақсимлаш пунктлари, сув насослари, маиший техника ва замонавий қурилиш материаллари ва бошқалар намойиш этилди.
Таъкидлаш жоизки, етакчи хорижий брендлар остида ва улар назоратида ишлаб чиқарилаётган бу товарлар ички ва ташқи бозорларда катта талабга эга. Айни пайтда бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг йигирма бешдан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда.
Икки мамлакат етакчи корхоналари ўртасида кооперацияни кенгайтириш ва илғор технологияларни жорий этиш тажрибаси билан ўзаро алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Покистонлик меҳмонлар Технопарк ҳудудида ташкил этилган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар” кўргазмаси билан ҳам танишди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА


























