Фермерларга кластерларни танлаб, ихтиёрий шартнома тузиш имкони берилди

Фармон ва ижро
Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ажратишда янги тизим йўлга қўйилади.
Тажриба-синов тариқасида таклиф этилаётган бу усулда ижарага олувчиларнинг мустақиллиги таъминланади ва юқори қўшилган қийматга эга экинлар етиштирилади.
Бунда эса Президентнинг 2025 йил 3 февралда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.
Унга кўра, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартиби такомиллаштирилади. Инвестицияларни жалб қилиш орқали экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш ишлари янада кенгайтирилади.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида фермерлар ва соҳа вакиллари иштирок этган йиғилишда ҳам амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
– Янги тизим синов тариқасида бир нечта ҳудудларда жорий этилади, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов. – Ерлар онлайн аукционга чиқади ва ғолиб 49 йил давомида ердан мустақил фойдаланиш имконига эга бўлади. Шунингдек, ўзи хоҳлаган экспортбоп ва яхши даромад келтирадиган экинни етиштиришга рухсат берилади. Аукционларда жисмоний ва юридик шахсларга тенг имконият берилади. Ҳудудлар бўйича ҳеч қандай чеклов белгиланмаган. Мисол учун, Чодак қишлоғидаги ерлар аукционида юртимиз бўйлаб ҳамма иштирок эта олади. Шунингдек, фермерлар ҳам 20 фоиз ер майдонини ўзида, 80 фоизини захирага қайтарган ҳолда иштирок этиши мумкин. Масалан, 100 гектар ери бор фермерга унинг 20 гектарида мустақил маҳсулот етиштириш, иссиқхона қуриш, қуритиш ускунаси ўрнатиш ва бошқаларга рухсат берилади. Яъни қайси йўналишда фаолият юритишни мулкдорни ўзи танлайди.
Йиғилишда жорий йилнинг 7 февралида имзоланган давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ҳақида ҳам сўз юритилди.
Дарҳақиқат, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, биологик хилма-хилликни асраш, қайта тикланувчи энергияларни кўпайтириш учун яшил энергия станциялари яратиш, аҳоли хонадонларида қуёш панеллари ўрнатилиши таҳсинга лойиқ.
Йиғилишда устувор ёндашувлар ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишни кўзда тутувчи иқтисодий ривожланиш моделига ўтиш орқали 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини камида 6 фоиз ва унинг ҳажмини 200 миллиард АҚШ долларига етказиш, инфляцияни 5 фоиз, бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз даражасида сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадларига эришишга асос бўлиши алоҳида қайд этилди.
Бундай ютуқларни таъминлашда эса фермерларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бўлиши табиий. Хусусан, сувни тежаш кўзда тутилган бўлиб, 1,6 минг гектар майдонга сув тежовчи технологиялар ўрнатилади.
Ана шундай муҳим вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида агротехника юмушлари бошлаб юборилди. Тежамкорлик билан иш юритилмаса, юқори ҳосил ва даромад олиш имкони бўлмайди. Шунинг учун биринчи навбатда шўр ювиш, ариқларни тозалаш, бетонлаштириш ишларини бошлади.
– Бизга энг маъқул жиҳати кластерларни ўзимиз танлаб, ихтиёрий шартнома тузиш имкони берилгани, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, фермер Анорбой Эшматов. – Асосий вазифамиз ресурс тежамкор, сув ҳисоблагичлар ўрнатиш билан яхши натижаларга эришамиз. Фермерлар ишлайдиган вақт келди. Жараёнлардан узоқроқ юрган фермерларни ҳам уйғотишимиз керак. Замонавий технологиялар жорий этиш, дала четига мевали дарахтлар – беҳи, гилос кўчатлари экишни оммалаштирамиз.
“Пешку лимончилик равнақи” фермер хўжалиги негизида лимончилик мактаби яратилган. Хўжаликдаги 10 сотих ерда 4 минг донадан ортиқ парвариш қилинаётган цитрус мева навлари кўпайтирилмоқда. Хусусан, бу ерда апельсин, мандарин ва памела навли цитрус мевалар етиштирилмоқда.
Йиғилиш якунида маҳаллаларни ихтисослаштириш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, сувни тежаш ва аҳоли саломатлигини асраш мақсадида экологик тоза маҳсулотлар етиштириш хусусида тегишли вазифалар белгилаб олинди.
И.АВВАЛБОЕВ,
ЎзА