Миллий медиа ва сунъий интеллект йўналишидаги имкониятлар муҳокама қилинди

295

Мамлакатимизда медиа соҳасини янги технологиялар, хусусан, сунъий интеллект орқали бойитиш, халқаро тажрибаларни ўрганиш борасида кенг имкониятлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ва Марказий Осиё Сунъий интеллект ассоциацияси ҳамкорлигида “Миллий медиа ва сунъий интеллект: муаммо, ечим ва истиқболлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирда медиа соҳасидаги замонавий технологиялар, сунъий интеллектнинг ривожланиш тенденциялари ва уларнинг жамиятга таъсири ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси профессор Шерзодхон Қудратхўжа, AICA бошқаруви раиси Владимир Норов, халқаро эксперт Адрен Ҳугет ва бошқа нуфузли соҳа ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида экспертлар томонидан нодавлат телеканалларда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари ва истиқболлари, медиа контентни рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Конференция доирасида медиа соҳасида сунъий интеллектни жорий этишнинг афзалликлари, дуч келинаётган муаммолар ва истиқболдаги режаларга бағишланган пленар мажлис бўлиб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ва Марказий Осиё Сунъий интеллект ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур халқаро конференция сунъий интеллект технологияларининг медиа соҳасида қўлланилиши, унинг афзалликлари ва келажакдаги имкониятларини чуқур таҳлил қилиш ва медиа индустриясининг рақамли трансформациясига ҳисса қўшиш учун муҳим платформа бўлди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА