ЎзА – анъана, тажриба ва истиқбол

456

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мамлакатимиздаги энг йирик ахборот манбаларидан бири сифатида ўзбек журналистикасида алоҳида ўрин тутади.

Агентлик ўз медиа ресурслари орқали хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳам фаол ахборот алмашинувини йўлга қўйган. Бу эса давлатимизнинг жаҳондаги имижини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Андрей Кондрашов, Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Бош директори:

– ЎзА йиллар давомида ўзини нуфузли ва ишончли ахборот манбаи сифатида намоён этиб келмоқда. Агентлик ходимлари юқори маҳорат, касбга садоқат хислатлари билан кенг жамоатчилик ҳурмати ва ишончини қозонган.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги халқаро журналистика ривожида ҳам муҳим ўрин эгаллаб, мамлакат, минтақа ва дунёдаги энг долзарб сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва спорт соҳаларидаги воқеаларни замонавий талаблар даражасида ёритмоқда.

Ишончим комилки, келгусида ЎзА глобал ахборот маконидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, аҳил ва ҳамжиҳат жамоа соҳамиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишда давом этади.

ЎзАга улкан ютуқлар, барқарор ўсиш ва равнақ тилаймиз. Ҳар бир янги кун сизларга чексиз илҳом, имконият ва муваффақият келтирсин!

Содонтогос Эрденетсогт, Мўғулистон Миллий ахборот агентлиги – MONTSAME Бош директори:

– Ўзбек журналистикаси бугун ўз фаолиятига дунёда мавжуд тарихий тажрибалар ҳамда замонавий тенденцияларни жорий этган ҳолда ўзига хос, бетакрор қиёфага эга бўлмоқда. Оддийроқ қилиб айтганда, холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш, мамлакат ва жаҳон миқёсидаги муҳим воқеаларни ўқувчига тезкор, ишончли тарзда етказиш орқали ахборот макони тараққиётига улкан ҳисса қўшмоқда.

Сўнггги йилларда ЎзА ривожланиш йўлида замонавий технологиялардан фойдаланиб, ахборот тарқатиш тизимини мунтазам такомиллаштираётганидан хабарим бор.

Фурсатдан фойдаланиб, Агентлик ташкил этилган кун билан ЎзАнинг барча ижодий ходимларига янги ютуқлар, юксак марраларни забт этишда улкан зафарлар тилаймиз. Келажакда муносабатларимиз янада самарали, сермазмун бўлишига ишонамиз.

Жобир Салим Ал-Ҳармий, Қатарнинг “Аш-Шарқ” газетаси бош муҳаррири:

– Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА журналистлари тиришқоқлиги, касбига садоқати билан ахборот ва коммуникация соҳасининг мустаҳкам асосини яратишда муҳим ўрин эгаллайди. Бугунги кунда эса бу аҳил жамоа тез, аниқ ва ишончли ахборот тақдим этиш, дунёвий тажрибани ўзлаштириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятидан ҳам унумли фойдаланмоқда. Бир сўз билан айтганда, Агентлик нафақат мамлакатда, балки бутун минтақада юқори мавқега эга.

Бугунги сана муносабати билан ЎзА раҳбарияти ва ижодий ходимларига муваффақият, барқарорлик ва омад тилайман.

Раушан Кажибаева, “Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиокомплекси” НАЖ Бош директори: 

– “Ахборот асри” аталмиш айни даврда дунё мамлакатларидаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолияти ягона тизим сифатида тасаввур қилиб бўлмас, таъбир жоиз бўлса, ақл бовар қилмас оқимга айланмоқда.

Глобаллашув бутун сайёрамизга шиддат билан ўз ҳукмини ўтказишга уринаётган бир пайтда ҳар қандай жамиятни бузғунчи ғоялардан асраб-авайлаб, уларга қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар руҳини сингдиришда ОАВ беқиёс ўрин тутади.

Ўзбек журналистикасининг ана шундай машаққатли йўлида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги илғорлар сафида муносиб одимламоқда.

Бугун 33 йиллик айёмини нишонлаётган ЎзА жамоасига сиҳат-саломатлик, ижодий камолот, илҳом ва эзгу мақсадлар рўёбини тилаб қоламиз.