Миср элчиси билан истиқболли режалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва Миср Араб Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тамер Фатҳи Абдуссалом Ҳаммад ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокара давомида савдо, иқтисодиёт, сармоя, саноат соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган долзарб масалалар муҳокама этилди.

Жумладан, томонлар заргарлик, тўқимачилик ва асал ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар амалга ошириш истиқболи бўйича фикр алмашди.
Ҳозир юртимизда Миср капитали иштирокида 15 корхона фаолият юритмоқда.
Февраль ойи иккинчи ярмида ушбу араб давлати ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациянинг диёримизга ташрифи доирасида Ўзбекистон – Миср бизнес форуми ҳамда В2В шаклида мулоқот ўтказиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Мазкур анжуманда хориж томонидан савдо, кимё, бунёдкорлик, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, консалтинг, металлургия, логистика, электротехника ҳамда чарм маҳсулотлари йўналишларига ихтисослашган етакчи корхоналар вакиллари иштироки кўзда тутилган.
М.Пирматова, ЎзА