Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги тижорат банклари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Президенти томонидан банк тизими олдига қўйилаётган устувор вазифалар ва келгусида амалга оширилиши кутилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда рақамли банк хизматларини ривожлантириш, микро ва кичик бизнес учун янги банк маҳсулотларини жорий этиш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, банк хизматлари оммабоплигини ошириш, кредитлаш тизимини такомиллаштириш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, банк тизимининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар атрофлича ўрганиб борилиши таъкидланди. Тадбирда иштирок этган банк раҳбарлари кредит маҳсулотлари турини кўпайтириш ҳамда кредит беришнинг скоринг-таҳлил тизимини яхшилаш юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Учрашув сўнггида Марказий банк раиси тижорат банклари раҳбарлари билан доимий очиқ мулоқотлар ўтказишга, соҳани янада яхшилаш борасида фикр алмашиш, таклифлари билан танишишга ҳамиша тайёрлигини билдирди.
Ш.Маматуропова, ЎзА