Бугун пойтахтимиздаги Халқаро бизнес марказида тарихий аҳамиятга эга бўлган биринчи Ўзбекистон – Хорватия бизнес форуми бўлиб ўтди. Ушбу тадбирнинг ўтказилиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам дейиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Европа ишлари ва ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган форумда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ўзбек ишбилармон доиралари ва “Apiherbal Ltd”, “Legio Nordica”, “Infobip”, “Podravka”, “Đuro Đaković Montaža-Izolak” каби 50 дан ортиқ таниқли хорват компаниялари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Ўзбекистон ва Хорватия ўртасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш, Европа бозорларига “GSP+” тизими орқали преференциал кириш имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, у глобал рақамли трансформация даврида мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш муҳим эканлигини таъкидлади.

Форум доирасида хорижий меҳмонларга Ўзбекистонда тадбиркорлик учун яратилган қулай шароитлар, инвестициявий салоҳият, шунингдек, рақамли технологиялар, таълим, фармацевтика маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳаларидаги кенг имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.

Сўнги йилларда икки давлат ўртасида иқтисодиёт ва солиқ соҳаларидаги ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 30 фоизга ошди. Ушбу кўрсаткичларни янада оширишда бу каби форумлар муҳим аҳамият касб этади.

– Бетакрор ва гўзал Тошкент шаҳрида бўлиб турганимиздан жуда ҳурсандмиз, – дейди Хорватия Савдо саноат палатасининг хорижий ҳамкорлик бўйича директори Сузана Кнезевич. – Делегациямиз таркибида нафақат вазирлар, балки ишбилармон доира вакиллари ҳам бор. Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон билан фармацевтика ва озиқ-овқат индустрияси соҳаларида ҳамкорлик қилиб келамиз. Мазкур форум натижасида  ҳамкорлик йўналишларимиз янада кенгаяди. Бу эса икки давлат иқтисодиёти ва савдо соҳалари ривожи учун муҳим.

Тадбир дастурига мувофиқ, B2B va B2G  форматдаги учрашувлар ўтказилиб, улар орқали иштирокчилар янги алоқалар ўрнатиш, истиқболли қўшма лойиҳалар ва савдо келишувларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлишди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу бизнес форум ғоялар ва ташаббуслар алмашиш, шунингдек, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун муҳим платформага айланди. Форум давомида эришилган келишувлар эса Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янада юксалтиришга асос бўлиб хизмат қилади.

Гўзал Сатторова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА