Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан қайта ишланиши тўғрисидаги маълумот кўрсатилиши мажбурий бўлган товарларнинг рўйхати ва уларнинг белгилари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Хусусан, мазкур идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ишлаб чиқарувчилар ҳамда импорт қилувчилар томонидан пластмассалар, қоғозлар, металлар, ёғоч ва ёғоч материаллари, тўқимачилик, шишалар, композит материаллар, батарея ва аккумуляторлар учун қайта ишланиши тўғрисидаги маълумот кўрсатилиши мажбурий бўлган белгилар кўрсатиб ўтилган.

Таъкидлаш лозимки, юқоридаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш жараёнида тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган таклифлар асосида ушбу ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн саккиз ойдан кейин кучга кириши белгиланди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан қайта ишланиши тўғрисидаги маълумот кўрсатилиши мажбурий бўлган товарларнинг рўйхати ва уларнинг белгилари аввал Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Бу ҳужжат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан амалга киритилган. Ушбу ҳужжат Адлия вазирлигининг тегишли тақдимномасига асосан бекор қилинган.

Н.Абдураимова, ЎзА