Бюджет қонунчилигига амал қилиш бюджет маблағларининг самарали йўналтирилиши ва сарфланишига замин бўлади. Бу эса юртимиз равнақи, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим омилдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда молия тизими барқарорлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини таъминлаш, иқтисодий жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилди.
Бу эса, ўз навбатида, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вазифалари ва ваколатларини амалдаги қонун ҳужжатларида акс эттириш заруратини юзага келтирмоқда.
Шундан келиб чиқиб, иккинчи ўқишга тайёрланаётган мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Бюджет кодексларига Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш, давлат молиявий назоратини амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жиноятларни тергов қилиш ва бюджет қонунчилиги соҳасида давлат органларининг ваколатларини қонун ҳужжати билан мустаҳкамлашга, қонун нормаларини аниқ ва бир хилда қўлланилишига ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади.
Йиғилишда қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан бир қатор таклифлар берилди. Тўпланган таклифлар таҳлил қилиниб, лойиҳадаги нормалар маромига етказилди.
М.Комилова,
ЎзА