АҚШдаги Колумбия университети тадқиқотчилари иммун тизимини саратон ҳужайраларини йўқ қилишга ўргатадиган пробиотик бактерияларни ишлаб чиқди. Бу ҳақда университет веб-сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, ушбу кашфиёт келажакда нафақат ўсимталарга қарши курашадиган, балки касалликнинг қайталанишини олдини олиш имконини берадиган янги турдаги саратон вакциналарини яратишга олиб келиши мумкин. Шунингдек, ушбу вакциналар ҳар бир беморнинг касаллик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мослаштирилиши мумкин бўлади.

Тадқиқотларга кўра, бу усул пептидлар асосидаги анъанавий саратонга қарши вакциналарга қараганда самаралироқ ишлайди.

Вакцина қандай ишлайди? 

Қайд этилишича, олимлар генетик ўзгартирилган E. coli пробиотик бактерия штаммини ишга солади. Бактериялар иммун тизимини саратон ҳужайраларини таниб олиш ва уларга ҳужум қилишга ўргатади, шу билан бирга, улар соғлом ҳужайраларга зарар етказмайди.

Ҳар бир вакцина ҳар битта бемор учун алоҳида яратилади. Бактериялар айнан ўша беморга хос бўлган саратон ҳужайралари мутацияларига ҳужум қилиш учун дастурлаштирилади. Бу даволашнинг самарадорлигини оширади ва ножўя таъсирлар хавфини камайтиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда ўпка саратонига чалинган 67 ёшли лондонлик эркак халқаро синов доирасида биринчи бўлиб саратонга қарши янги вакцина олган эди.

Мадинабону Насриева, ЎзА