Ўзбекистон Адлия вазирлигига Финляндия ташқи ишлар вазирлигининг Россия Федерацияси ва Марказий Осиё бўйича директори Йонас Хейсканен бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов сўнгги йилларда адлия ва ҳуқуқ соҳасида Ўзбекистон – Финляндия муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Учрашувда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги кўмаги билан Адлия вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2023 – 2025 йилларга мўлжалланган «Ўзбекистонда қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар алоҳида таъкидланди.
Й.Хейсканен Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотларни юқори баҳолади. Аҳолининг бепул юридик ёрдам билан таъминлангани ҳамда ушбу соҳада фаолият олиб борадиган ННТлар фаолиятига кўмаклашиш фуқароларнинг одил судловга эришишида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.
Учрашув давомида Финляндия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлашда ижобий натижа бераётгани таъкидланди. Томонлар келгусида ушбу ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА