Бугун пойтахтимизда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ёш етакчилари конференцияси: Барқарор сув ҳаракати парадигмасини ўзгартириш” мавзусида минтақавий форум бошланди.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича бюроси, Тошкентдаги “Nordik” халқаро университети ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида, сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича йўл харитаси ижроси доирасида ташкил этилган тадбир БМТ, ЖССТ, ЕХҲТ вакиллари, дипломатлар ва беш қўшни давлатдан 100 га яқин мутахассисни жамлади.

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев мазкур форум Марказий Осиё ёш етакчиларини бирлаштириш, уларни тинглаш, шунингдек ЕИнинг иқлим барқарорлиги ва сув ресурсларини бошқариш бўйича тажрибасини ўрганишга ёрдам беришини таъкидлади.

Икки кун давом этадиган конференция юқори даражадаги асосий мунозара, шунингдек барқарор сув ҳаракати бўйича Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ҳамкорлиги ва минтақамиздаги сув инқирозини ҳал қилишда ёшларнинг ўрни мавзуларига бағишланган сессиялардан иборат.

– Ёшларни эртага ўзимиз кўришни истаган дунёни шакллантириш жараёнига қандай жалб қилиш мумкинлиги, шунингдек айни йўналишда илгари сурилган ташаббусларни муҳокама қиляпмиз, – деди Жаҳон ёшлар парламенти глобал сув тарғиботи бўйича раҳбари Марта Сарагоса Наварро. – Кўплаб минтақаларда сув инқирози кузатилаётган бир пайтда олимлар ва сиёсатчиларнинг янги коалицияларини кўряпмиз. Умид қиламизки, бугун ҳаракат қилаётган ёш етакчиларни эртага юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятга тайёрлай оламиз. Мен маърузамда ўзбек ёшларининг мамлакат бўйлаб ечимларни татбиқ этиш, сувдан оқилона фойдаланиш, маҳаллий санитария иншоотларидан фойдаланиш имконият ҳақида гапирдим. Умуман, ушбу форум орқали илғор тажрибани ўртоқлашиш, шунингдек Ўзбекистон соҳа тараққиёти учун нималар таклиф қила олиши, халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатга қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини билиб оляпмиз.

Иштирокчилар сувдан фойдаланиш самарадорлиги, тежамкорлик ва сув дипломатияси каби кўп томонлама манфаатли мавзуларни ҳам муҳокама қилишди.

– Сув ресурсларини тўғри бошқариш бутун дунёда, жумладан Марказий Осиёда ҳам жуда долзарб, – деди ЕИнинг Қозоғистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Йоханнес Баур. – Ўйлайманки, сув муаммосини ҳал қилишда кўҳна қитъа тажрибаси минтақа учун фойдали. Шунинг учун Марказий Осиё учун сув энергетикаси ва иқлим масаласига доир Европа жамоаси ташаббусини мазкур конференция орқали тарғиб қилмоқчимиз. Бу жараёнга ёшларни жалб этиш жуда муҳим, чунки Марказий Осиё аҳолисининг катта қисмини айнан ёшлар ташкил этади.

Халқаро форум эса ёш етакчилар сув билан боғлиқ муаммолар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдириши, фикр алмашиши ва ҳамкорлик ўрнатиши учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

Ўткир Алимов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА