Бугун Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Хитойнинг “Sinoma EC Investment” компанияси президенти Лиу Син бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳанинг ҳозирги ҳолати ва келгусидаги режалари бўйича фикр алмашди.

Қайд этилганидек, ушбу компания томонидан Навоий вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, 75 МВт қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими ҳамда ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда “Sinoma EC Investment” компанияси қурилиш материаллари ва қурилишда қўлланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ўз ўрнига эга. У Хитой миллий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йирик давлат корпорацияси таркибига киради ва 13 йил давомида “Fortune 500” рўйхатидан ўрин олган.

Учрашув якунида томонлар республика ҳудудларида геотермал энергетика ва илғор технологиялар асосида энергия самарадор қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА