Кеча юртимизда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан юртимизга бир қанча мамлакатлардан ОАВ вакиллари ташриф буюрди. Улардан бири – Қирғиз Республикасининг “Кабар” Миллий ахборот агентлиги директори Медербек Шерметалиев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида бўлди.

Учрашувда икки мамлакат етакчи ахборот агентликлари ўртасидаги алоқаларни замон талабларига мос тарзда ривожлантириб бориш зарурлиги қайд қилинди.

Суҳбат чоғида ахборот алмашиш кўламини кенгайтириш, ходимлар тажриба ва малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлиги маъқулланиб, янгиланган Англашув меморандуми имзоланди.

– Бугунги кунда Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида холис, ишончли ахборот тарқатиш жуда муҳим, – деди “Кабар” бош директори Медербек Шерметалиев. – Шу маънода Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан шерикликни янада кенгайтиришга келишиб олганимиз айни муддао бўлди. Эътироф этиш жоиз, Ўзбекистон фуқаролари сиёсий жараёнларда жуда фаол. Фурсатдан фойдаланиб, қардош ўзбек халқига тинчлик, фаровонлик, ободлик тилайман.

Қирғизистондаги асосий давлат ахборот агентлиги сифатида “Кабар” ўз манбаларида мамлакатимиз ҳаётига оид материалларни мунтазам эълон қилиб боради.

Шунингдек, Туркий давлатлар ахборот агентликлари альянси (ATNA), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат ахборот агентликлари кенгаши (Информсовет) ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ахборот агентликлари уюшмаси (UNA) ҳам ЎзА билан фаол ҳамкорлик қилиб келади.

ЎзА