Римда ўзбекистонлик дипломатларнинг Италия Парламенти сенати аъзоси, собиқ ташқи ишлар вазири Джулио Терци ди Сант’Агата билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Италия, шунингдек, Европа иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Сўнгги икки йил ичида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа муҳим соҳалардаги алоқалар изчил ривожланмоқда.
Италия сенатори Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари сингари Италияда ҳам халқаро сиёсат масалалари улкан аҳамият касб этиб, Италия Сенатида қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг 70-75 фоизи Европа ва халқаро ишлар бўйича қўмита иштирокида кўриб чиқилади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев сенатор билан икки ва кўп томонлама тадбирлар, жумладан 2024-2025 йилларда ўтказилиши режалаштирилаётган йирик бизнес форумларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА