Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан мамлакатимиз бўйлаб Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги – “INNOWOMENWEEK-2024” ўтказилмоқда.
Ушбу лойиҳа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Ихтирочи аёллар маркази ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида бўлиб ўтаётган Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталигида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган 200 дан ортиқ хотин-қиз ўз бизнес ғоялари билан иштирок этмоқда.
Мазкур ҳафталик иқтидорли хотин-қизлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган бизнес ғоя ва лойиҳаларнинг асосий йўналишлари, ҳолати ва даражаларини аниқлаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишларига кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятига инновацион ёндашувни жорий қилиш, опа-сингилларимизнинг ўз бизнес ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишларига кўмаклашиш каби мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятли.
Ҳафталик доирасида ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизларнинг инновацион лойиҳа, технология ҳамда маҳсулотлари кўргазмаси, иштирокчилар учун ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ва товар белгиларининг ҳуқуқий муҳофазаси бўйича ўқув машғулотлар ўтказилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун бизнес семинарлар ташкил қилиниб, тажрибали тадбиркорлар томонидан кўргазмали амалий машғулотлар ҳамда давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, етакчи тадбиркор аёлларнинг амалга оширган ишлари бўйича тақдимотлар ўтказилади.
Ҳафталик якунида иштирокчи хотин-қизлар орттирган тажриба ва кўникмалари асосида тайёрлаган бизнес лойиҳалари бўйича тақдимотлар қилишади.
“INNOWOMENWEEK-2024” ҳафталиги доирасида Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тартиби ҳақида ўқув-семинари ўтказилди.
“ХХI аср илм-фан ва бизнесдаги аёллар: ютуқлар ва муаммолар” мавзусидаги халқаро форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева ва бошқалар мамлакатимизда аёллар учун яратилаётган шароитлар хусусида батафсил сўзлади.
Хотин-қизларнинг ўз истеъдодларини намоён қилишларига имконият яратиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йил давомида малака ошириш курслари, касб-ҳунарга йўналтирилган курслар ва маҳорат дарслари ташкил қилиб борилади.
Иқтидорли хотин-қизларнинг тегишли соҳа корхоналари илмий, техник ва технологик муаммолари бўйича олинган патентлари асосида инновацион лойиҳаларини тайёрлаб, Инновацион ривожланиш агентлиги, агентликлар, холдинг компаниялари, акциядорлик жамиятлари, саноат корхоналари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган танловларда қатнашишлари бўйича ташкилий ишлар амалга оширилади.
Шунингдек, иқтидорли хотин-қизлар ўз лойихалари билан халқаро танловларда қатнашишлари бўйича ҳам мақсадли ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Иқтидорли хотин-қизларни хорижий мамлакатларнинг олий ўқув юртлари, инновация марказлари ва саноат корхоналарига малака оширишга юбориш ҳамда халқаро анжуманлар, семинар, ярмаркалар ва кўргазмаларда иштирок этишлари бўйича мақсадли ишлар бажарилади.
Мазкур ишлар республикамиз хотин-қизларининг инновацион лойиҳаларини кенг жамоатчиликка тарғиб этиш ҳамда олима, ихтирочи, тадбиркор ва ишбилармон аёлларнинг янги авлодини тарбиялаб ўстиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА