Педагогларнинг замонавий методикалар бўйича малакаси оширилиши таълим сифатини яхшиловчи омиллардан бири саналади.

Айниқса, халқаро ҳамкорлик орқали ривожланган мамлакатларнинг таълим тизими, методлари ва педагогик амалиётларини ўрганиш имкониятлари яратилаётгани эътиборга молик.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан АҚШнинг Меҳрибонлик корпуси (Mercy Corps) халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотлари методистлари учун тренинглар ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидан 24 нафар методист иштирок этмоқда. Мазкур тадбир “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимида болаларнинг илк ёшидан саводхонлик, рационал овқатланиш, гигиена ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришда компетенциявий ёндашувни жорий этиш” мавзусига бағишланган.

Жараёнлар 6 кун давом этади, унда қатнашган мураббийлар келгусида 128 та мактабгача таълим ташкилотларига каскад усулида ўз билимларини ўз ҳамкасблари билан ўртоқлашишади, дейилади Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотида.

Тренинг машғулотлари давомида педагоглар янги педагогик усуллар, болаларнинг шахсий хусусиятларини ҳисобга олиб, таълим беришнинг инновацион ёндашувлари билан танишишлари мақсад қилинган.

Шунингдек, амалий машғулотлар доирасида болаларнинг ўқиш, ёзиш, мулоқот қилиш кўникмалари ҳамда рационал овқатланиш, соғлом турмуш тарзига оид билимларини ривожлантириш ҳақида сўз юритилди.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА