Куни кеча Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёда макроиқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича амалиёт менежери Антонио Нусифора бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида мамлакатимиздаги макроиқтисодий тенденциялар, юқори суръатда иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш масалалари ҳасида сўз борди.

Унда кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, барқарор иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, солиқ бошқаруви соҳасини такомиллаштириш бу борада муҳим омил экани қайд этилди.

Бунда ҳудудларни иқтисодий жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида шакллантирилаётган мастер-режалар, хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш, жумладан, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларини ривожлантириш каби масалалар ҳам иқтисодиёт равнақида муҳим аҳамиятга эга.

Учрашув якунида ушбу соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро фикр алмашиш ва муҳокамалар жараёнларини кўпайтириш юзасидан келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА