Пойтахтимизда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан “Демократик жараёнларни янада такомиллаштириш: замонавий ёндашувлар ва халқаро тажриба” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Унда мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар, халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, янги сайлов тизими ва сиёсий рақобатни ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлашдаги муҳим қадамлар ва эришилган натижалар батафсил таҳлил этилди.
Конференцияда шунингдек, Буюк Британия, Канада, Озарбайжон, Миср, Покистон, Россия каби давлатлардан халқаро даражадаги экспертлар, олимлар, сиёсатшунослар, таниқли мутахассислар иштирок этди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори в.б Азамат Пардаев ва бошқалар Ўзбекистонда кейинги йилларда кечаётган янгиланиш жараёнлари хусусида батафсил сўз юритди.
Мулоқот давомида охирги 7-8 йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устувор бўлган Янги Ўзбекистонни бунёд этишдаги инсонпарвар сиёсат, ижтимоий давлатчиликка асосланган конституциявий ислоҳотлар, гендер тенглик, аёллар ва болалар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини оширишга оид ҳаракатлар, уларнинг натижалари эътироф этилди.
Тадбир иштирокчилари сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жаҳоннинг энг юксак минбарлари, йирик халқаро тадбирлар, учрашувларда илгари сурилган ва халқаро эътирофларга сазовор бўлган муҳим ташаббуслар хусусида ҳам тўхталди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директорининг ўринбосари, юридик фанлари доктори, профессор Восиджон Эргашевнинг фикрича, янгиланган Конституциямизда мамлакатимиз ҳуқуқий, ижтимоий, демократик давлат сифатида тавсифланган. Ҳуқуқий ҳимоянинг кучайтирилгани, Конституцияга тўғридан-тўғри амал қилинаётгани, мамлакатимиз сайлов тизимига оид меъёрларга янада аниқлик киритилгани янгиланган Конституциямизнинг ўзига хос ташриф қоғозидир. Эндиликда сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилаётгани, бу йилги сайлов жараёни янги Конституцияга амал қилган ҳолда ўтказилаётгани диққатга сазовор.
–Ушбу давра суҳбати демократик жараёнларни янада такомиллаштиришга оид долзарб масалаларни батафсил муҳокама этиш учун қулай майдондир, – деди Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори, сиёсий фанлар доктори, халқаро эксперт Элшад Мирбашир ўғли. – Бу муҳокамалар ўз натижасини бериши шубҳасиз. Ўзбекистонда кейинги йиллардаги ўзгаришлар жадал тус олмоқда.
– Янгиланган Конституциянинг 36-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган, – деди Қоҳира халқаро тижорат арбитражи минтақавий марказининг халқаро арбитражи, мисрлик эксперт Мажид Шибата. – Бу Ўзбекистон фуқароларининг наинки сайловларда, балки давлат бошқаруви жараёнларида ўзлари сайлаган вакиллари орқали иштирок этиш, давлат идоралари устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятли. Сиёсий партиялар халқ манфаатларидан келиб чиқиб ўз фаолиятини йўлга қўйиши керак, деб ўйлайман.
– Ўзбекистондаги сайлов меъёрлари халқаро стандартларга, хусусан Европа кенгашининг Венеция комиссияси андозаларига ҳам мос ва ҳатто устувор жиҳатлари ҳам бор, – деди Россия иқтисодиёт олий мактаби доценти Кирилл Молодико. – Масалан, Ўзбекистонда сайловда овоз бериш учун кимнинг келмагани назоратга олинмайди ва ҳатто ошкор ҳам этилмайди. Бу жараёнга мутлақо эркин тарзда ёндашилади. Шу билан бирга, сайловолди учрашувларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан бепул бинолар ажратилиши диққатга сазовор.
– Бугун дунё глобал конституциявий ўзгаришлар жараёнида яшамоқда, – деди Буюк британиялик эксперт, Бирмингем университетининг профессори Крис Торнхилл. – Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгартишлар мамлакатдаги ижобий ислоҳотларда, унинг халқаро миқёсда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Эътиборга молик жиҳати, янгиланган Конституцияда халқаро нормалар билан бирга миллийлик ҳам сақлаб қолинган. Болалар мажбурий меҳнатига, аёлларни камситишга тўлиқ барҳам берилди. Ўзбекистонда кечаётган ижобий янгиланиш жараёнлари кўпчилик каби мени ҳам жуда қувонтиради.
Давра суҳбати давомидаги маърузаларда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, янгича шакл ва моҳиятга эга сайлов тизими мисолида юртимизда инсон қадри ва манфаатларига эътибор, давлат бошқарувида жамоатчилик иштироки ва фаоллигини оширишга оид интилишлар муҳокамаси ўрин олди.
Қизғин ва самимий тарзда ўтган, муҳокамаларга бой бўлган анжуман наинки фикр алмашиш, балки юртимизда демократик жараёнларни янада жадаллаштириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш учун ҳам ўзига хос майдон бўлди. Бу мулоқот хорижий тажрибани ўрганиш ва уни миллий амалиётимиз билан қиёслашга, ижобий жиҳатларини жорий этишга имкон беради.
Тадбир давомидаги дўстона мулоқот Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва такомиллаштиришга хизмат қилувчи қимматли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда катта аҳамият касб этгани шубҳасиз.
Назокат Усмонова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА