Эрон ишбилармонлар делегацияси Ўзбекистонда

Бугун Эрон Савдо-саноат, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги палатаси президенти Самад Ҳасанзода бошчилигидаги ишбилармон доира вакиллари мамлакатимизга келди.

22 сентябргача давом этадиган ташриф доирасида меҳмонлар қатор ташкилотларда учрашув ўтказиши режалаштирилган. Дастурга мувофиқ, дастлаб Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида ташкил этилган тадбирда палата раиси Даврон Ваҳобов, мамлакатимизнинг Эрон Ислом Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Насриев, Эрон томонидан делегация раҳбари, шунингдек Элчи М.Искандарий иштирок этди.

Икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган йиғилиш тўқимачилик, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларда фаолият юритувчи Эрон корхоналари вакиллари билан очиқ, самарали мулоқот тарзида давом этди.

– Ўзбекистон керамика соҳаси ривожланаётган мамлакатлар қаторига киради, – деди Д.Ваҳобов. – Шундай экан, айни йўналишда бирга ишлаб, янги лойиҳаларни жадал амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бугунги геосиёсий вазиятга қарамай, давлатларимиз ўртасида савдо алоқаси ривожланиб боряпти, статистика ижобий ўсиш тенденциясини кўрсатмоқда. Дипломатларимиз мазкур учрашувда иштирок этиб, палаталаримиз фаолиятини қўллаб-қувватлаётгани тадбиркорларни жуда қувонтирди. Қайд этиш жоиз, металл, автомобиль саноати каби соҳаларда ўзаро тўлиқ ишга солинмаган салоҳият юқори.

Суҳбат чоғида савдо ва товар айирбошлаш миқдорини ошириш, экспорт ва импортда учрайдиган муаммоларни ҳал қилиш йўллари кўриб чиқилди.

– Учрашувда савдо-иқтисодий алоқани янда ривожлантириш имкониятини таҳлил қилдик, – деди С.Ҳасанзода ЎзА мухбирига. – Мамлакатларимизда маҳсулот айирбошлаш миқдорини 500 миллион доллардан 1 миллиард долларга етказиш учун етарли салоҳият бор. Бу ўзаро саъй-ҳаракат билан амалга оширса бўладиган вазифа, деб ўйлайман.

Анжуманда 19-20 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида ўтказиладиган Ўзбекистон – Эрон қўшма бизнес форуми масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Беҳруз Худойбердиев,

Аслиддин Алижонов (сурат),

ЎзА