Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Марказий Осиё Сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов ва Марказий Осиё Сунъий интеллект ассоциацияси раиси Владимир Норов имзолаган мазкур ҳужжат судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этишга қаратилган.
Эндиликда томонлар бу борадаги икки томонлама очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиради ва мустаҳкамлаб боради.
Айтиб ўтиш керакки, 2023 йил 16 январда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармон билан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланган. Унда судларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришни янада кенгайтириш мақсадида судлар фаолиятига фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик тайёрлаш ва суд амалиётини таҳлил қилиш йўналишида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича чоралар кўриш вазифаси белгиланган.
Мазкур вазифалар ижро этилишида суд-ҳуқуқ фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини такомиллаштириш, суд мажлисларида масофавий иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш каби йўналишлар бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Зеро, жаҳонда рақамлаштириш кўлами ва ривожланиш тенденцияларининг жадаллашуви суд-ҳуқуқ тизимида ахборот технологияларининг кенг тарқалишига йўл очди.
Судлар фаолиятида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд ҳужжатларини автоматик тарзда тайёрлаш ва суд қарорларини таҳлил қилиш тизимлари жорий этилаётганини ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳадаги етакчи эксперт ва мутахассислар билан яқиндан алоқа ўрнатиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.
Имзоланган меморандум шу жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, сунъий интеллектдан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА