Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Адлия вазирлиги ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш бўйича услубий қўлланмалар яратилди.
Ушбу йўналишдаги энг муҳим масалаларни қамраб олган услубий қўлланмалар давлат органи ва ташкилотларига электрон шаклда етказилди.
Жумладан, давлат хизматида юзага келадиган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, уларни бартараф этиш чоралари бўйича миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга асосланган услубий қўлланма манфаатлар тўқнашувини бошқаришнинг умумий қоидалари, манфаатлар тўқнашувини бошқариш тартиб-қоидалари, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича электрон ёрдамчи саналади.
Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича услубий тавсиялар манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳамда уларни бартараф этиш чораларига оид 49 та муаммоли савол ва вазиятларни ўз ичига олади.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари иш столида эслатма сифатида фойдаланиши учун манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар ва бундай вазиятларда кўриладиган чоралар бўйича иллюстратив тарқатма материаллар ҳам тайёрланди.
Мазкур материаллар давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга масъул бўлган таркибий бўлинмалар (коррупцияга қарши ички назорат ёки кадрлар бўлинмалари), шунингдек, Одоб-аҳлоқ комиссиялари фаолиятида услубий ёрдам бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА