Автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини ривожлантириш йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш, миллий ташувчиларга қулай шарт-шароитларни яратиш ҳар бир мамлакат иқтисодиётида муҳим бўғин саналади.
Транспорт вазирлигида Халқаро автомобиль транспорти бўйича Ўзбекистон – Болгария қўшма комиссиясининг йиғилиши ўтказилди.
Унда хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўлагидан фойдаланган ҳолда Болгария орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига юк ташувлари ҳажмини ошириш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунига кўра 2024 йил учун қўшимча рухсатнома бланкалари алмашилди. Шунингдек, 2025 йил учун рухсатнома бланкаларини ҳозиргига нисбатан 15 бараварга оширган ҳолда алмашишга келишилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги маълумотида.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, мавжуд йўналишларни диверсификация қилиш ҳамда муқобил транспорт коридорларини ривожлантириш орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига юк ташувларини ривожлантириш мақсадида 2024 йилнинг 1 апрелидан Руминия билан икки томонлама ва транзит юк ташувларини рухсатномасиз тизимда амалга ошириш бўйича келишувга эришилган эди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА