Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурларни ва маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурларни ва маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентда:
Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурларни ва маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби;
юридик ёки жисмоний шахс (талабнома берувчи) томонидан ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини расмий рўйхатдан ўтказиш сўралган талабномани (талабнома) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига топшириш тартиби;
талабномани резидентлар учун – давлат хизматлари маркази, ваколатли органнинг махсус ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали, норезидентлар учун – ваколатли органнинг махсус ахборот тизими орқали топшириш, почта алоқаси орқали топшириш бундан мустасно;
талабнома топширилгандан кейинги барча харакатларни ваколатли органнинг махсус ахборот тизими орқали амалга ошириш;
давлат хизматини кўрсатишда талабнома берувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунида белгиланган миқдорларда патент божини тўлаш тартиби;
талабнома ҳужжатларини текшириш тартиби ва муддатлари;
ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида ёки Маълумотлар базалари давлат реестрида автоматик тарзда расмий рўйхатга олиш ва ваколатли органнинг махсус ахборот тизими орқали талабнома берувчига унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани юбориш тартиби белгилаб берилган.
Давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан кўрсатилади.
ЎзА