Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида қишлоқ хўжалигининг бир қатор тармоқлари, айниқса, чорвачилик йўналишида ҳамкорлик алоқалари янада кенгаймоқда.
Хусусан, Мўғулистон тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
4 сентябрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» мавзусидаги халқаро форум доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Мўғулистон озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазири Жадамбар Енкҳбаяр билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Мўғулистон томони Ўзбекистон энг муҳим стратегик ҳамкор экани, бу борада Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Бундан ташқари, икки давлат ўртасида экспорт-импорт алоқаларини мустаҳкамлаш борасида логистика масаласи ҳам долзарб эканлиги қайд этиб ўтилди.
Вазир И.Абдураҳмонов Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида имкониятлар кенглиги, бу борада ҳар қандай ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА