Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи давом этмоқда. Идора ва ташкилотларда байрам муносабати билан тантанали тадбирлар ташкил этилмоқда.
«Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида ўтказилаётган бундай тадбирларда истиқлолнинг буюк неъмат экани, мустақиллик халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутадиган беқиёс қадрият экани эътироф этилмоқда. Мустақилликни янада мустаҳкамлаш учун қилиниши зарур бўлган чора-тадбирларга эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, Президентимизнинг фармони билан Ватанимизнинг юксак унвонлари билан тақдирланган юртдошларимизга мукофотлар топширилмоқда.
Давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳи мукофотлаш ҳақидаги фармонга кўра тақдирланганлар орасида Сенат аъзолари ҳам бор.
Жумладан, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихоновга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони берилди.
Сенат аъзолари – Қарши давлат университетининг Миллий ғоя, маънавият асослари кафедраси профессори Абдураҳим Иркаев «Эл-юрт ҳурмати» ордени, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров «Фидокорона хизматлари учун» ордени, Хоразм вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Фарахат Саъдуллаева «Меҳнат шуҳрати» ордени, Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Анвар Тўйчиев «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.
Давлат мукофотлари уларнинг аксариятига Давлатимиз раҳбари томонидан топширилган бўлса, айримларига эса мукофотлар парламент юқори палатасида ўтган тадбирда Сенат раҳбарияти томонидан топширилди.
Шунингдек, бир қатор девон ходимларига парламент юқори палатаси фаолиятидаги самарали хизматлари учун Сенат ташаккурномаси топширилди.
Н.Абдураимова, ЎзА