Камерун Республикаси пойтахти Яунде шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Тадбир очилишида мамлакат Бош вазири доктор Жозеф Дион Нгуте ИҲТни қўллаб-қувватлаш зарурати, аъзо давлатларнинг қашшоқлик, иқлим ўзгариши ва терроризмга қарши курашдаги бирдамлиги аҳамияти, Фаластин ва Ғазо секторидаги вазият ҳақида сўзлади.

Сессияга раислик қилган мезбон давлат ташқи ишлар вазири Лежеуне Мбелла Камеруннинг ИҲТга қўшилиши 50 йиллигига тўғри келган 50-сессия билан меҳмонларни қутлади. Анжуман учун танланган “ИҲТ доирасида транспорт ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш қашшоқлик ва хавфсизликка қарши курашнинг асосий воситаси” шиори тараққиёт, тинчлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилишини қайд этди.

ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Фаластин ва Ал-Қудс Аш-Шариф муаммоси, умуман халқаро ҳамжамият, хусусан ИҲТ учун қийинчилик туғдираётган жиддий ўзгаришларга эътибор қаратди. Ғазо сектори ва Фаластиннинг барча ҳудудларида, жумладан Ал-Қудсда мисли кўрилмаган ҳарбий тажовуз давом этаётгани, минглаб қурбонлар берилаётганига тўхталди.

ИҲТ мазкур шафқатсиз тажовуз оқибатига қарши туриш, фаластинликларнинг ўз заминида қонуний ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатни давом эттириши таъкидланди.

Бош котиб Жамму ва Кашмир билан боғлиқ воқеаларни ҳам эслатди. Шунингдек, тузилма Соҳил ва Чад кўли минтақаси олдида турган кўп қиррали муаммоларга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб, халқларни бирдамликка чақирди.

Дарвоқе, соҳил сўзи араб тилидан таржима қилинганда  қирғоқ, чегара маъноларини англатади. Яъни, Африкадаги тропик саванна минтақаси – Соҳил шимолдаги Саҳро ва унумдор ерлар ўртасидаги алоҳида ер. Ўн икки мамлакат, 300 миллион аҳолини жамлаган ҳудуд Атлантика океанидан Қизил денгизгача чўзилган минглаб километр саванна ва ярим қурғоқчил даладан иборат.

Жаноб Иброҳим Тоҳа қайд этишича, ташкилот 2024 йил 26 октябрда Жидда шаҳридаги қароргоҳида ўтадиган, Соҳил минтақаси ва Чад кўли ҳавзасидан кўчирилганлар ва қочқинларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Донорлар конференциясига тайёргарликни давом эттирмоқда.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири ўринбосари Волид Ал-Ҳурайжий ИҲТ ташкил этилгандан буён турли соҳалардаги муаммоларни бартараф этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади. Қироллик Фаластин халқига қарши содир этилаётган жиноятнинг ҳар қандай шакли қораланишини билдирди. Европанинг бир неча мамлакати Фаластин давлатини тан олганини эслатди.

Дарвоқе, Қирол Салмон гуманитар ёрдам маркази томонидан бошланган, қиймати 185 миллион доллардан ошган миллий хайрия кампанияси орқали Ғазодаги тинч аҳолига инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши давом этмоқда.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА