Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев ушбу давлат “ESB Group” компанияси бошқаруви раиси маслаҳатчиси, халқаро алоқалар бўйича директори Гаэтано Криши билан учрашди.

Мулоқот давомида Самарқанд шаҳридаги “Ширин” замонавий бизнес маркази ва турар-жой мажмуаси қурилишини тезлаштириш масаласи муҳокама қилинди. “ESB Group” Италия меъморий анъаналари ва замонавий технологияга таянган ҳолда турар-жой, спорт, таълим объектларини бирлаштирган, 20 гектар майдонни эгаллайдиган мажмуа лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Музокара чоғида компания вакили сейсмик жиҳатдан фаол ҳудудда бино барқарорлигини таъминлашга аълоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаб, бу борада корхона бой тажрибага эгалигини билдирди.

Гаэтано Криши сўзларига кўра, юртимизда барпо этилаётган Янги Тошкент, Бухоро Сити каби лойиҳалар Ўзбекистоннинг янги халқаро шериклар учун жозибадорлигини оширмоқда.

ЎзА