Бугунги кунда шаҳару қишлоқларимизда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Аммо қурилиш жараёнларида шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларига қай даражада эътибор қаратилмоқда?

Бунёд этилаётган кўп қаватли турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектларининг сифати, сейсмик ҳолати талабга жавоб берадими?

Қурилаётган кўп қаватли уйларда ноқонуний қўшимча қаватлар қурилиши қанчалик ўринли?

Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кўпайиб бораётган ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, қурилишлар сифатини ошириш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?

Қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашда рақамлаштириш жараёнидан қай даражада фойдаланилмоқда?

Бу каби саволлар куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳукумат соати”да ўртага ташланди.

Унда “Шаҳарсозлик бўйича миллий стандартлар, замонавий қурилиш технологиялари, рақамлаштириш жараёнлари, шунингдек, соҳадаги давлат назоратини янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан депутатларнинг саволларига қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Ҳидоятов жавоб берди.

Мажлисда қайд этилганидек, фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, “Огоҳ фуқаро” ҳамда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими электрон платформалари ва геопорталдан самарали фойдаланиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

“Тендер электрон платформаси” қурилиш соҳасидаги давлат харидлари ўтказилишида муҳим ўрин тутмоқда. Мазкур платформада жами 67 минг 887 та тендер ўтказилган. Уларда жами 13 минг 811 та ташкилот иштирок этган. Ушбу тендерларнинг жами қиймати 41,05 триллион сўм бўлиб, 39,01 триллион сўмлик шартномлар тузилган.

Халқ вакиллари сайлов округларидаги учрашувлари, аҳоли билан мулоқотларда сайловчилар томонидан кўтарилган долзарб масалалар юзасидан саволларни ўртага ташлади. Хусусан, депутат Наврўз Юсупов янги барпо этилаётган кўп қаватли турар жойларни ичимлик суви билан таъминлаш, ногиронлар учун махсус йўлаклар, пандуслар ва лифтлар ўрнатилиши борасида қандай чоралар кўрилаётгани билан қизиқди.

Бунга жавобан Ш.Ҳидоятов ҳар бир янги бинолар қурилишида, шунингдек, бош режаларда аҳолининг ўсиши, ичимлик суви, иссиқлик таъминоти, канализация тизимлари каби масалалар ҳисобга олинишини қайд этди. Ногиронлар учун пандуслар барпо қилиниши, уйларнинг зиналари пастроқ бўлиши, кенг эшикли лифтлар ўрнатилиши назарда тутилган.

Шунингдек, депутатлар янги барпо этилаётган кўп қаватли турар жойларда автотураргоҳлар етарли эмаслигига ҳам эътибор қаратди. Вазир вазифасини бажарувчи қуриладиган кўп қаватли турар жойлар режасида ҳар бир хонадон учун етарли автотураргоҳ бўлмаса, уларнинг қурилишига рухсат берилмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, “Ҳукумат соати”да шаҳарсозликка оид қонунчиликни такомиллаштириш, жумладан Уй-жой кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.

Савол-жавобларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш, хусусан, қурилаётган кўп қаватли уйларда ноқонуний қўшимча қаватлар қуришнинг олдини олиш, бошқарув севис компаниялари ва хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, уй-жой массивларида автотураргоҳлар барпо этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА