Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Япониянинг IT компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашув аввалида «Information Technology Federation of Japan» ташкилотининг директори Тошиаки Татеиши фаолияти ва вазифалари, амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, рақамли таълим соҳасида ёшларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам таништириб ўтди. Ташрифдан мақсад рақамли технологиялар бўйича Ўзбекистондаги ҳолатни ўрганиш, рақамли таълим ҳолати ҳақида билиш, муҳокама қилиш ва фикр алмашиш эканлигини билдирди.

Шу билан бирга, Шерзод Шерматов рақамли таълим соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Шунингдек, Ўзбекистонда рақамли таълим соҳасида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни IT соҳасидаги замонавий касбларга ўргатиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Мазкур лойиҳаларни Япония томони билан ҳамкорликда амалга ошириш истиқболларини ошириш, IT компанияларни жалб қилган ҳолда масофавий ва IT хизматларини аутсорсинг қилиш зонасини ташкил этиш, ёшлар учун иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида, рақамли таълимни ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳалар амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди ҳамда тегишли таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Н.Раҳмонова, ЎзА