Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида 2023 йилнинг 22-28 октябрь кунлари IV Параосиё ўйинлари ўтказилгани ва унда ўзбек паралимпиячилар эришган муваффақиятларни ёдга олсак, албатта, қалбимиз фахр ва ифтихорга тўлади.

Умуман олганда мамлакатимизда имконияти чекланган ёшларимизнинг турли соҳаларда, айниқса, спортда эришаётган ютуқлари замирида, уларга яратилаётган улкан имконият ва шароитлар ётибди. Сўнгги йилларда юртимизда паралимпия ҳаракатига қаратилаётган улкан эътибор самарасида жисмоний имконияти чекланган инсонлар спорт билан шуғулланмоқда ва ўзлари танлаган спорт турлари бўйича юксак марраларни эгалламоқда. Жумладан, пара таэквондочиларимиз қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Параосиё ҳамда Паралимпия ўйинларида эришаётган ютуқлар сони йил сайин ортиб бормоқда.

Ана шундай улкан марраларни забт этаётган ёшларимиз орасида Асадбек Тоштемиров ҳам бор. Бекобод шаҳри ўғлони Асадбек болалигиданоқ тенгдошлари ўртасида ажралиб турар, олдинга улкан мақсадларни қўяр, ушбу мақсадлари амалга ошишида спортнинг ўрни катталигини ҳис қилар эди. У 2012 йилда пара таэквондонинг илк сир-асрорларини биринчи мураббийи Аброр Каримовдан ўргана бошлади ва 2019 йилда терма жамоа аъзосига айланди.

Мамлакат миқёсидаги мусобақаларда ва терма жамоа бош мураббийи Бобур Қўзиев қўл остидаги машғулотларда тобланган А.Тоштемиров 2022 йилда Эронда ўзининг илк халқаро миқёсидаги ютуғига эришди. Спортчимиз ушбу мусобақада кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, паралимпиячимиз бугунга қадар Англияда ўтган Европа чемпионатида, Ливан мезбонлигидаги Осиё чемпионатида, Мексикада ташкил этилган жаҳон чемпионатида олтин медалига сазовор бўлди. Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида 2023 йилнинг 22-28 октябрь кунлари ўтказилган IV Параосиё ўйинларида эса делегациямиз ҳисобига бронза медалини келтирди.

– Асадбек бизнинг қўл остимизда шуғуллангунча пара таэквондонинг илк кўникмаларини яхши ўзлаштирган эди ва терма жамоага келган кунидан бошлаб, ўз устида тинимсиз меҳнат қилиб келмоқда, – дейди пара таэквондо бўйича терма жамоа бош мураббийи Бобур Қўзиев. – Унинг иқтидори анча юқори ва у ҳали кўплаб ютуқларни қўлга кирита олади. Умид қиламанки, “Париж-2024″ Паралимпия ўйинларида ҳам мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади.

Жорий йилнинг январь ойида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси “Париж-2024″ ёзги Паралимпия ўйинларига лицензия берувчи рейтингни эълон қилди. Қувонарлиси, якуний рейтинг натижаларига кўра, илк бор 5 нафар пара таэквондочимиз рейтинг орқали Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Улар орасида эса Асад Тоштемиров 80 килограммгача бўлган пара таэквондочилар ўртасида мамлакатмиз шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.

Асадбек, ҳозирда давлатимиз раҳбарининг «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори асосида Паралимпия ўйинларига терма жамоамиз билан шуғулланмоқда.

– Давлатимиз томонидан биз спортчиларга машғулотларда қатнашиш, мусобақаларда иштирок этиб, муносиб натижаларга эришиш борасида барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Ўтган йиллар давомида бир қатор хорижий мамлакатларда ўтказилган халқаро турнирларда, чемпионатларда иштирок этдик. Юксак натижаларга эришдик. Энг муҳими, йил давомида узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларида қатнашмоқдамиз. Ушбу машғулотлар самарасини ўтган мусобақаларда эришган муваффақиятларимизда кўришингиз мумкин. Ўйлайманки, бундай эътибор ва ғамхўрликка Паралимпия ўйинларидаги ғалабаларимиз билан жавоб қайтарамиз, – деди пара таэквондо бўйича қитъа ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлар ғолиби ва совриндори Асад Тоштемиров.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, халқаро майдонларда матонатини, иродасини, жасоратини кўрсатишини таъминлаш доимий эътиборда.

Қисқа қилиб айтганда, паралимпиячиларимиз “Париж-2022″ Паралимпия ўйинларида ўз маҳорати, матонати ва шижоатини тўла намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади. Зеро, ирода ва матонат тимсоли бўлган спортчиларимизга яратилаётган шароит, жисмоний тарбия ва спортнинг янада оммалашиши борасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ютуқлар салмоғи юксак бўлишига замин яратиши тайин.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА