Армрестлинг бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сафида ўтган йили Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этган Аброр Рустамов 4 йил муддатга спорт мусобақаларидан четлатилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги хабар тарқатди.
2023 йил август ойида Алмати шаҳрида ўтказилган армрестлинг бўйича жаҳон чемпионати вақтида ўзбекистонлик Аброр Рустамовдан олинган допинг синамасида спортда тақиқланган Станозолол метаболити ҳамда дегидрохлорометил-тестостерон тақиқланган моддалари аниқланган.
Спортчининг анализида тақиқланган модда борлиги бўйича спортчи огоҳлантирилган. Лекин А. Рустамов ва унинг вакиллари томонидан жавоб бўлмаганлиги сабабли Жаҳон армрестлинг федерацияси қарорига кўра, бундай ҳаракатизлик спортчининг бу ижобий допинг натижасини қабул қилиши деб тушунилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга дисквалификация жазо чораси қўлланилди.
Бу вақт давомида А.Рустамов белгиланган муддат давомида терма жамоа сафида ўқув-машғулот йиғинлари, ҳар қандай турдаги спорт мусобақаларида иштирок этиши тақиқланади.
Миллий антидопинг агентлиги маълумотига кўра, бундай ҳолатларда спортчилар огоҳлантирилишига қарамай терма жамоа сафида йиғинларга жалб қилинса ёки ички чемпионатларда иштирок этадиган бўлса унга нибатан дисквалификация муддати узайтирилиши, ҳаттоки умрбод спортдан четлатиш чораси қўлланилиши мумкин.
Айтиш лозим, Станозолол метаболити ҳамда дегидрохлорометил-тестостерон анидопинг қоидаларида мавжуд тақиқланган рўйхатнинг S1 «anabolik agentlar» гуруҳига киради. Станозолол метаболити Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан 2014 йилдан бери спортда тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган.
Т. Рўзиев, ЎзА