24 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни сенаторлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилиниб, мазкур стратегия доирасида муҳим ва долзарб йўналишлар бўйича мақсадлар белгиланган.
Муҳокама давомида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган вакиллик органларига сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизимини жорий қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда референдум ва сайлов билан боғлиқ ўзгаришлар назарда тутилганлиги, шу сабабли амалдаги сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунчиликни унга мувофиқлаштириш зарурати ҳам мавжудлиги қайд этилди.
Кўриб чиқилган Конституциявий қонунга кўра Қонунчилик палатаси сайлови аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилади. Унда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши назарда тутилган.
Яна бир муҳим масала – сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шу билан бир қаторда сайлов комиссияларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгаришлар маъқулланди. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда сайланиши, Марказий сайлов комиссиясининг Раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг Раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан мазкур Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг фаолиятида сиёсий партияларнинг ролини янада кенгайтиришга, Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асослари яратилишига хизмат қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг, ялпи мажлисда “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, соҳани ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ер юзидаги бугунги экологик омилларнинг кескин ўзгариши ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ва сифатини оширишга ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сақлаш ва асраб-авайлашни талаб этмоқда.
Шу боис ушбу қонун билан ер фондининг барча тоифаларидаги тупроқнинг унумдор ва тупроқ ҳосил қилувчи қатламлари тупроқни муҳофаза қилиш объекти этиб белгиланмоқда.
Қонунда тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат назорати, ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг ва ер участкалари ижарачиларининг тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.
Қонунда тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлаш, шунингдек, масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари, ерларни рекультивация қилиш, тупроқ ҳолати ва сифатига таъсир қилувчи лойиҳалар, воситалар ва технологияларни давлат экспертизасидан ўтказиш масалалари ўз аксини топмоқда.
Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахслар томонидан тупроққа етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи белгиланмоқда.
Шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмаганлиги ва сақланмаганлиги факти аниқланган тақдирда, етказилган зарарнинг ўрни қопланиши мустаҳкамланмоқда.
Сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши натижасида суғориладиган тупроқлар унумдорлигининг пасайиш жараёнларига барҳам берилиши ҳамда тупроқ унумдорлигини тиклаш ҳисобига маҳсулот етиштириш ҳажмининг ортиши ва тоза тупроқда сифатли ҳамда хавфсиз маҳсулот етиштириш имконияти кенгайишини таъкидладилар.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун соҳадаги халқаро тажрибадан ҳамда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлар ва янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда хусусийлаштиришнинг барча босқичлари тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун даражасида белгиланмоқда.
Қонун билан хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш, баҳолашдан ўтказиш, бошланғич нархни белгилаш, маслаҳатчиларни жалб этиш, савдоларни ўтказиш жараёнлари тартибга солинмоқда.
Шунингдек, хусусийлаштиришнинг қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик каби асосий принциплари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, амалдаги қонунда акс этмаган электрон-онлайн аукцион ва биржа, шунингдек, музокараларга оммавий таклиф қилиш, рақобатга асосланган мулоқот асосида сотиш, корхонани ва кўчмас мулк объектини бошқа жамиятнинг устав фондига киритиш, корхоналарни кейинчалик сотиш шарти билан ижарага бериш каби хусусийлаштиришнинг янги турлари киритилмоқда.
Бундан ташқари, қонунда хусусийлаштириш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Қонун билан хусусийлаштириш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган меъёрлар киритилиб, унга кўра хусусийлаштириш тўғрисидаги йиғма ҳисоботлар ва ҳар бир давлат активи савдо жараёнлари босқичлари тўғрисида маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, савдо ташкилотчиси ва воситачининг веб-сайтларида, республика ва маҳаллий даражадаги оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда эълон қилиниши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, давлат активларини сотишда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти, тўловларни амалга ошириш тартиби ва шартлари қонун даражасида белгиланмоқда ҳамда мулкни балансда сақловчининг жавобгарлиги кучайтирилмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат активларини замонавий услублар асосида хусусийлаштиришнинг жадаллашишини, очиқ ва шаффоф бўлишини, барча харидорлар учун тенг рақобат муҳити яратилишини таъминлайди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мобил қурилмалар ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларга зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб шахслардан пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Шунингдек, махсус дастурлар ёрдамида шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини сохталаштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Шу боис Жиноят кодексидаги (165-модда) товламачилик тушунчасига ўзгартириш киритилиб, шарманда қиладиган уйдирмалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.
Бундан ташқари, хориждан олиб келинаётган ёки блокланган уяли алоқа қурилмаларига маълум бир ҳақ эвазига ўзгаларнинг IMEI кодларини кўчириб бериш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Ҳозирда биргина IMEI кодида 5 011 та, яна бошқа бир IMEI кодида эса 2 347 та SIM карта бир вақтда фаол ҳолатдалиги аниқланган.
Қонунчиликда бундай ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан бирон-бир ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш белгиланмаган.
Шу сабабли қонунчиликдаги мазкур бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини ёки абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонунга хилоф равишда ўзгартирганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилмоқда.
Шу билан бирга, Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ҳамда майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун тегишли жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлар ушбу жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни фош этишда ёрдам берган ҳолларда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши сенаторлар томонидан қайд этилди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши келгусида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этиш, уларга қарши курашиш ҳамда тергов қилишда барча куч ва воситаларни тўлиқ йўналтиришга, шунингдек, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ва қонунга хилоф равишда майнингни амалга ошириш учун жавобгарлик доирасини аниқ норма билан белгилаш имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда жорий йил катта сиёсий воқелик – умумхалқ референдуми ўтказилиб, унинг якунларига кўра, халқимиз хоҳиш-иродаси билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Ялпи мажлисда муҳокама қилинган қонун ҳам янгиланган Конституцияга киритилган қоидалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.
Киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ Конституциявий суд ваколатлари кенгайтирилиб, Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериши белгиланмоқда.
Конституциявий суд фақатгина ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланиши мустаҳкамланмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши натижасида Конституция ва қонунларнинг устуворлиги ҳамда уларнинг бир хилда амалда бўлишига эришилади.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ еттинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати