Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказдилар.
Давлатимиз раҳбари Россия Президенти ва халқига самимий қабул ва илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Етакчилар сезмазмун музокара ўтказганлари, уларда Ўзбекистон-Россия муносабатларининг барча йўналишлари батафсил муҳокама қилингани, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгилаб олинганини таъкидладилар. Икки томонлама кўп қиррали ҳамкорлик юқори суръатда эканини, барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришилаётганини қайд этдилар.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни янги марраларга етказиш борасидаги интилиш қатъий экани тасдиқланди.
Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликда нафақат миқдорий кўрсаткичлар барқарор ўсиб бораётгани, балки сифат жиҳатидан ўзгаришлар рўй берганига эътибор қаратди. Хусусан, илгари ўзаро товар айирбошлаш таркибининг аксариятини хомашё ташкил этган бўлса, бугунги кунда савдонинг 70 фоизи юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга тўғри келмоқда.
Инвестиция соҳасида ҳам енгил ва кимё саноати, автомобилсозлик ва машинасозлик, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика тармоқларида инновацион лойиҳалар салмоғи ортиб бораётгани кузатилмоқда.
Россияда меҳнат қилаётган фуқароларимизга ижтимоий кафолатларни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Россия фуқаролари орасида Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлиги ошаётгани қайд этилди. Россиялик сайёҳлар оқими йил бошидан буён 20 фоизга ошгани кўрсатиб ўтилди.
Томонлар 2024-2025 йилларда Маданият, санъат ва адабиёт кунларини ўзаро ташкил этишга келишиб олдилар.
Маданият, таълим ва тиббиёт соҳаларида икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлиги айтилди.
Президентлар анъанавий ва янги таҳдид ва хатарларга, энг аввало, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашиш масалалари диққат марказида қолаётганини таъкидладилар.
Томонлар эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада ривожлантиришга, Ўзбекистон ва Россия халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.