Корея Республикаси Пучон университетида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда биргаликда юксалиш учун салоҳиятни мустаҳкамлаш бўйича глобал форум ўтказилди.

Тадбирда юздан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, губернаторлар ҳамда маҳаллий ҳокимлар иштирок этди.

Форумда Пучон университети президенти Хан Чон Сок, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари – Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин  ва бошқа мутасаддилар сўзга чиқди.

А.Шин мамлакатимизда кейинги 6 йилда мактабгача таълим соҳасида эришилган ютуқлар ҳақида тўхталди. Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасининг бу борадаги муваффақиятли ҳамкорлиги ҳақида тўхталди.

Шу билан бирга, Агентлик директори форум иштирокчиларига Тошкент шаҳридаги Пучон университети инновацион типдаги олий таълим муассасасига айланганини таъкидлади.

— 2022 йил 14 – 16 ноябрь кунлари Тошкентда Бутунжаҳон конференциясини ўтказишдан мақсад — кичик ёшдаги болаларга сифатли таълим ва тарбия беришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш эди, – деди А.Шин. — Шунингдек, кичик болалар билан боғлиқ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда аъзо мамлакатларнинг ютуқларини баҳолаш, илғор тажриба ва инновациялар алмашинуви, устувор вазифалар ва стратегияларни аниқлаш, эрта болалик таълимига инвестицияларни кўпайтиришдан иборат бўлди. Умид қиламанки, бу каби мақсадлар келгусида ўзаро ҳамкорлигимизнинг ҳам асоси бўлиб хизмат қилади.

М.Қосимова, ЎзА