Табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, яъни улардан иқтисодиёт юксалиши ва халқимиз фаровонлигини ошириш учун фойдаланишда иқлим мувозанатига путур етказмаслик долзарб масала ҳисобланади.
Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун айнан шундай талабларга асосан ишлаб чиқилган.
Қонун устувор мақсадларга эришишга йўналтирилган бўлса-да, унда қатор концептуал даражадаги низоли масалалар мавжуд.
Жумладан, сўнгги йилларда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар шароитида республика ижро этувчи ҳокимият органлари қайта ташкил этилди ва уларнинг зиммасига янги вазифалар юкланди. Бугунги кунда амалда бўлган мутлақо янги маъмурий ёндашув нуқтаи назаридан қонунда тугатилган ёки қайта ташкил этилган мутасадди идораларнинг ваколатларига доир моддалар қайта кўриб чиқилиши зарур.
Бундан ташқари, муҳокамалар жараёнида долзарб аҳамиятга эга яна бир қатор масалалар эътибордан четда қолганлиги айтиб ўтилди.
Қонунда ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш ёки тўхтатиб туриш Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси кўрсатмалари асосида ўн кундан ошмайдиган муддатга амалга оширилиши қайд этилган. Қоидабузарликларни бартараф этиш ишларини якунлаш билан боғлиқ бўлган алоҳида ҳолларда, ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш ўттиз кундан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкинлиги назарда тутилган.
— Қонундаги айрим нормалар нафақат амалдаги қонунчиликка, балки давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар йўналишига, ёндашувига ҳам зид келмоқда, – деди Сенат раиси Танзила Норбоева. — Жумладан, қонунда масъул органларга суд қарорисиз тадбиркорлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш каби ваколатларнинг тақдим этилиши тўғридан – тўғри коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳолбуки, бу иллатга қарши курашиш, унинг вужудга келувчи асосларини бартараф этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Бундан ташқари бу каби норма янги таҳрирдаги Конституциямизнинг тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва дахлсизлигига оид кафолатларга ҳам мутлақо зиддир.
Шунингдек, қонунга ер қаърини “кадастр квадратлар”га бўлиш амалиётини жорий этиш ва “Ягона интерактив геологик портали” бўйича қоидалар киритилмаган.
Ер қаъридан фойдаланишда экологик ва саноат хавфсизлигини таъминлаш, тоғ-кон қутқарув қисмлари ҳамда очиқ нефть ва газ фонтанларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича хизматлар фаолияти тартиби белгиланмаган.
Бундан ташқари, мазкур соҳада ишга жойлаштириш ва ўқитишга талаблар, рухсатномалар эгаларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мажбуриятлари назарда тутилмаган.
Юқоридагилар инобатга олиниб, мажлисда қонунни қайта кўриб чиқиш ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳини тузган ҳолда уни такомилига етказиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди. Муҳокамалар якунида қонунни рад этиш юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА