Эртага, 4 август куни Фарғона шаҳрида “Ўзбекистонда Мева-сабзавотчилик II форуми” старт олади.
Жаҳон банки, Европа иттифоқи, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази, “Annexure Financial Solutions” компанияси томонидан ташкил этилган тадбирда мева ва сабзавот етиштирувчи фермерлар, экспортчилар, соҳа мутахассислари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этади.
Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш баробарида 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиянинг амалий ижроси, мамлакатимиздаги мева-сабзавотчилик соҳасидаги етиштириш, маркетинг сотиш ва экспорт масалаларида олиб борилаётган ишлар ва натижалар юзасидан фикр алмашишдан иборат.
Дарҳақиқат бугунги кунда республикамизда соҳани ривожлантириш мақсадида кластерлар ролини кучайтириш, кооперациянинг янги механизмларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчиларни кенг миқёсда молиялаштириш ва қишлоқ хўжалиги хизматлари кўрсатилишини кенгайтириш каби тизимли ишлар амалга ошириляпти.
Эртанги анжуманда “Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик маркетинги бўйича техник кўмак” лойиҳаси эксперти, бош маркетолог Ҳусан Ҳайдаровнинг “Мева ва сабзавот маҳсулотларни Германия бозорига экспорт қилиш” бўйича тайёрлаган тақдимоти тингланади.
“Ташқи бозорда ўзбек навлари истиқболи қандай?”, деган савол барчага қизиқ. Бунга айни вақтгача юртимиздан 180 хил мева-сабзавот маҳсулотлари 80 давлатга экспорт қилингани орқали жавоб бериш мумкин. 2022 йил 1,6 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган.
Тадбирда Ўзбекистон мева-сабзавотчилиги селекцияси ва уруғчилигининг ҳозирги ҳолати, уруғчилик ва кўчатчиликни таҳлил қилиш, бирламчи ва нав уруғчилиги йўналишларини ривожлантириш, сертификатлаш тизимини жорий этиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш каби долзарб муаммолар муҳокамалар марказида бўлиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоиз, бугунги кунда фермерлар интенсив технологияларни жорий қилаётгани, корхоналар янги йўналишлар очаётганига қарамай навларга бўлган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, навлар ва дурагайларни мослаштириш, илгари суриш, юқори сифатли уруғ ва кўчатларни тижорат мақсадида етиштиришда учраётган муаммоларга ечим топиш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Шунингдек, йиғилишда уруғ ва кўчат етиштириш, экспортни ривожлантириш учун қонунчиликни такомиллаштириш борасида таклиф ва ташаббуслар кўриб чиқилади.
Маълум қилинишича, форумда энг муҳим йўналишлардан бири – “ShirinMeva” мобил иловаси билан боғлиқ саволларга жавоб берилади. Мазкур иловада беш юздан зиёд фермер хўжаликлари ҳақида маълумотларни ўқиш мумкин. Шунингдек, “ShirinMeva” журналининг электрон вариантини, айнан, мана шу иловада кўриш қувонарли.
Беҳруз Худойбердиев,
ЎзА