Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи, хусусан, Бенилюкс ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ифода этади. Ушбу мамлакатлар алоқалари бугунги кунда турли соҳаларни қамраб олган ҳолда жадал ривожланмоқда.
Айниқса, бундай ҳамкорлик равнақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши Президенти раиси Шарль Мишель ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 7 июнь куни «Европа яшил ҳафталиги» анжумани доирасида Ўзбекистоннинг Бельгия Қироллигидаги элчихонасида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди. Унда Ўзбекистоннинг Бельгия Қироллигидаги элчиси Дильер Ҳакимов ўзбек ОАВ вакиллари билан қизғин мулоқот қилиб, кейинги йилларда мамлакатимиз ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини қайд этди.
– Мамлакатимизнинг ҳар томонлама равнақида ташқи алоқалар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Шу сабабли, давлатимиз раҳбари томонидан дипломатик муносабатларни мустаҳкамлаш, халқаро алоқаларни ривожлантириш ва Европа давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунда Европа Иттифоқи билан яқин мулоқотлар мумтаҳкамланмоқда ва ушбу давлатлар Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишга интилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги асосий халқаро ҳамкорлардан бири деб билади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама ва минтақалараро муносабатларда янги босқич бўлди. Яъни, ўтган йили томонлар бир қатор олий даражадаги тадбирларни, жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқотини, президент Мишелнинг Ўзбекистонга ташрифини муваффақиятли ташкил этди.
Европа кенгаши Президенти Шарль Мишелнинг 2022 йил 27-28 октябрь кунлари Ўзбекистонга илк ташрифи, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи мажлисидаги иштироки доирасида самарали музокаралар ва муҳим келишувларга эришилди. Шу ўринда, 2022 йилнинг 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган “Глобал дарвозалар” мавзусидаги “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” халқаро конференцияси минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда тарихий воқеа бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев конференция иштирокчилари билан учрашувда жадал ривожланаётган икки муҳим минтақа ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, “Глобал дарвоза” ташаббусини тўлиқ амалга ошириш учун рақамли трансформация, транспорт каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Ана шундай саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сармоя, савдо, молиявий ва техник ёрдам, юқори технологиялар трансфери, фан ва технологиялар, таълим, атроф-муҳит, туризм, соғлиқни сақлаш ва маданият, шунингдек, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга имконият яратмоқда. Албатта, бу каби алоқаларни мустаҳкамлашда Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларда фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикасининг элчихоналарига ҳам катта масъулият юклайди. Айнан бу борада Ўзбекистоннинг Бельгия Қироллигидаги элчихонаси шу талабларни таъминлашга асосий эътибор қаратмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Бенилюкс давлатлари ўртасидаги дипломатик муносабатлар ҳам айнан шу ислоҳотлар ижросига қаратилган, – деди элчи Дильер Ҳакимов.
Учрашув якунида иштирокчилар элчихона фаолияти билан ҳам танишди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА мухбири,
Брюссель шаҳри