Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Ёшлар ойлиги” доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваль якунига етди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев иштирок этди.
Қонликўл туманида бошланган мазкур фестиваль Оролбўйининг барча ҳудудларини қамраб олди. Ойлик доирасида ташкил этиладиган кенг кўламли маънавий-маърифий лойиҳалар мамлакатимиз пойтахтидан ташриф буюрган таниқли олимлар, зиёлилар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар – “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзолари иштирокида “Маърифат соати” билан давом этди.
Шаҳар ва туман болалар спорт мактабларида сузиш, кураш, гимнастрада, cтол тенниси бўйича “Солиқчи кубоги”, шахмат бўйича Ёшлар ишлари агентлиги кубоги мусобақалари, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида югуриш марафони ташкил этилди.
Фестиваль доирасида “Ҳоким ва ёшлар учрашуви”, “Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри!”, “Замонамиз қаҳрамонлари” лойиҳалари, “1+10” лойиҳаси бўйича нуронийлар ва ёшлар учрашуви, “Менинг қонуним – менинг тақдирим” лойиҳаси доирасида “Тафаккур синовлари” танлови ўтказилди. Ёшлар сайллари давомида “Китобхонлик викториналари”, китоб ярмаркалари, “Fashion night” модалар намойиши, “Дунё рақслари” шоулари, ёш рассомлар ва ҳунармандлар галереяси, шахмат, стол тенниси, тош кўтариш мусобақалари, ёш гитарачилар ва саксофончилар чиқишлари, олий таълим муассасаларининг кўргазмалари каби турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва спорт мусобақалари ёшларда катта таассурот қолдирди.
Бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг келажак эгаларига алоҳида эътибори, уларга оталарча ғамхўрлиги натижасида мамлакатимизда ёшлар учун барча шароитлар яратилмоқда. Янги Ўзбекистонни, Янги Қорақалпоғистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда ёшларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Президентимизнинг фармони билан 30 июнь мамлакатимизда Ёшлар куни деб белгиланиши – Учинчи Ренессанс қурувчилари бўлган ёшлар ҳаётида янги даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Нукус шаҳрида, Қонликўл, Элликқалъа, Кегейли туманларида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида санъат усталарининг гала-концерти ва фестиваль доирасида ўтказилган спорт мусобақаси ва танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
“Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри!”лойиҳаси доирасида 10 нафар иқтидорли ёш ва уларнинг ота-онаси, танлов ва мусобақа ғолиблари, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, таълим олаётган 264 нафар талабанинг шартнома тўлови учун жами 1,1 миллиард сўм маблағ тўлаш бўйича олий таълим муассасалари ёшлар етакчиларига ваучерлар топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА